Шрифт ўлчами Ранг Расм

Ижтимоий тармоқлар

<< Dekabr 2024 >>
DUSECHPAJUSHYA
      1
2345678
9101112131415
16171819202122
23242526272829
3031     

Янгиликларга обуна бўлиш


Хозир сайтда 15 нафар фойдаланувчи Ишонч телефони статистикаси

ИНВЕСТИЦИЯВИЙ НИЗОЛАРНИ СУДЛАРДА ҲАЛ ҚИЛИШДА - ЯНГИ ТАРТИБЛАР ЖОРИЙ ҚИЛИНДИ

×

 2021-03-13 14:37:44    369

PDF юклаш
Чоп этиш



Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 24 июлдаги “Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонида фуқароларнинг одил судловга бўлган ҳуқуқини амалда таъминлаш билан боғлиқ долзарб муаммолар, хусусан судларда инвесторларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ўз вақтида ва самарали ҳимоя қилишга алоҳида эътибор қаратилган.

Фармоннинг ижросини таъминлаш мақсадида 2021 йил 12 январда “Суд қарорларини қайта кўриш институти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун қабул қилинди.

Ушбу Қонун билан Иқтисодий процессуал кодексига иқтисодиёт соҳасида инвесторлар ҳамда давлат органлари ўртасидаги инвестиция шартномаларидан келиб чиқадиган инвестиция фаолияти билан боғлиқ низолар бўйича ва рақобатга оид ишларни тааллуқлилиги ва тегишлилигига оид нормалар киритилди.

Хусусан, йирик инвестор, рақобатга оид ишлар бўйича тарафларнинг хоҳишига кўра, ушбу тоифадаги ишлар Олий суднинг инвестициявий низоларни ҳамда рақобатга оид ишларни кўриш бўйича судлов таркиби томонидан кўрилиши белгиланди ва қолган инвестициявий низолар инвесторларнинг хоҳишига кўра, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар суди томонидан биринчи инстанция суди сифатида кўрилиши мумкин.

Шу билан бирга, Иқтисодий процессуал кодексига янги 301-модда киритилиб, унда инвестициявий низолар бўйича ишлар жумласига инвестиция шартномаларини тузиш, ўзгартириш ва бекор қилиш билан боғлиқ низолар, инвестиция шартномаларини ҳақиқий эмас деб топиш ҳақидаги низолар, инвестиция шартномасининг бажарилиши билан боғлиқ низолар, инвестиция шартномасидан келиб чиқадиган солиқ, божхона, ижтимоий, экологик ва бошқа мажбуриятларнинг инвестор томонидан бажарилиши билан боғлиқ низолар, инвестиция шартномаси бўйича инвесторга берилган мол-мулкни талаб қилиб олиш ёки бундай шартнома бўйича неустойка ундириш ва (ёки) зарарнинг ўрнини қоплаш тўғрисидаги низолар кириши белгиланди.

Шунингдек, кодексга юридик шахслар, шу жумладан, чет эл юридик шахслари, хўжалик бошқаруви органлари, якка тартибдаги тадбиркорлар ҳамда монополияга қарши органлар ўртасида товар ва молия бозорларида рақобат соҳасидаги муносабатлардан келиб чиқадиган низолар рақобатга оид ишлар жумласига кириши ҳақидаги 302-модда ҳам киритилди.

Президентимизнинг 2020 йил 29 декабрдаги Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномаси мазкур соҳадаги ислоҳотларни янада чуқурлаштиришга хизмат қиладиган тарихий аҳамиятга эга бўлди.

Мурожаатномада таъкидланганидек, муҳим янгилик инвесторлар ҳуқуқларини муносиб ҳимоя қилиш мақсадида Олий судда инвестициявий низолар ва рақобатга оид ишларни кўриш бўйича махсус судлов таркиби ташкил этилганлиги бўлди.

Олий судда инвестициявий низолар бўйича махсус судлов таркибининг ташкил этилиши, ушбу тоифадаги ишлар бўйича алоҳида судловлилик қоидаларининг белгиланиши инвесторларнинг низоларни ҳал қилиш учун турли суд инстанциялари ўртасида сарсон бўлишининг олдини олади, уларнинг муаммолари битта судда ҳал қилиниши таъминланади.

Зеро, давлатимиз томонидан олиб борилаётган ушбу ислоҳотларнинг асл моҳияти инвестиция муҳитини янада яхшилаш, иқтисодиётни ривожлантириш ҳамда шу орқали халқ фаровонлигига эришишдан иборатдир.

 

Х.БОЙНАЗАРОВ

Марғилон туманлараро иқтисодий

судининг судьяси

И.ТУРСУНОВ

Фарғона вилоят судининг иқтисодий

ишлар бўйича судлов ҳайъати судьяси



Бизни ижтимоий тармоқларда кузатинг
Facebook | Telegram | Telegram murojaat