Yuridik va jismoniy shaxslar tomonidan veb sayt orqali bo'lgan murojaatlar
Jami murojaatlar: 38Ishonch telefoni statistikasi
Aссалом, Наврўз - янгиланиш, меҳр-оқибат ва қадр-қиммат айёми!
2022-03-25 18:24:25 299
Олтиариқликларнинг бу кунги тонгги ўзгача нурафшонликка чулғанди. Эрта тонгда янграган карнай-сурнай садолари, Деҳқон бобо, Наврўзой ва миллий кийимдаги жарчилар ўлкамизга кўклам келганидан овоз бериб, барчани туман марказига сайилга чорлади. Анвойи гуллар, ранго-ранг чечаклар ва турфа байроқчалар билан безатилган сайилгоҳнинг файзи ўзгача. “Aссалом, Наврўз - янгиланиш, меҳр-оқибат ва қадр-қиммат айёми!” шиори сотидаги халқ сайлига келаётган туман аҳли ва меҳмонлар туман марказий ўйингоҳида ташкил этилган театрлаштирилган байрам томошаларига ошиқар эканлар, “Қадаминг қутлуғ келсин, Наврўз”, дея ният қилишди. Марказнинг бир томонида таълим муассасаларининг кўргазмаси ташкил этилган бўлса, яна бир томонда маҳаллалар мўъжаз дастурхон тузаб, баҳорий таомлар билан безадилар, дошқозонларда сумалак ва миллий таом – ош дамланди. Баҳорий таомлар эса дастурхоннинг зийнати бўлди. Наврўз тантаналарини туман ҳокими Шамсиддин Турдалиев кириш сўзи билан очиб, барчани қутлуқ айём билан табриклади. – Байрам арафасида ҳар бир хонадон, маҳаллалар, дам олиш масканлари, боғлар, қадамжолар обод бўлди. Бундай бунёдкорликдан, хушманзарадан юртдошларимиз, меҳмонлар баҳраманд бўлишмоқда. Беморлар ва эҳтиёжмандлар холидан хабар олиниб, уларга кўмаклар кўрсатилаётгани халқмизни бирдамликка чорламоқда, - деди туман ҳокими табрик сўзида. Тинч, осуда юртга байрамлар ярашади. Бугунидан мамнун, эртасидан кўнгли тўқ инсонларга хурсандчиликлар, шодиёналар татийди. Халқимизнинг бахти шундаки, бу йил ҳам йилбоши бўлган Наврўзни тинч, хотиржам, дилларда зўр ҳаяжон, эзгу орзу-ниятлар билан кутиб олмоқда. Инсонлар кўнглида бахтиёр яшашга, орзу-умидларни рўёбга чиқаришга бўлган ишончу интилиш янада ортган. Одамлар сайил баҳона ҳамфикрликда янгидан-янги режаю мақсадларини бир-бирлари билан ўртоқлашганларига гувоҳ бўласан киши. Сайилгоҳга кўпчилик фарзандлари билан бирга келишгани ҳам кишига хуш кайфият бағишлади, кекса отахон-онахонлар эса невара-эвараларини етаклаб олишган. Чор атрофда баҳорий кайфият, руҳий янгиланиш, меҳр-оқибат, яратувчанлик ҳамда бунёдкорлик ғояларини ўзида акс эттирган шиорлар ва паннолар. Хушовоз хонандалар томонидан куйланган тинчликни, Ватанни, шукроналикни тараннум этувчи қўшиқлар йиғилганларга манзур бўлди. Юртдошларимиз бир-бирларини рақсларга чорлаб байрамни аъло кайфиятда ўтказдилар. Айниқса, таниқли кино ижодкорлар Зуҳриддин Ражаметов, Шавкат Комилов ва Машҳура Зулфиқороваларнинг ташрифи барчада унутилмас таассурот қолдирди. Шу куни дуогўй кексалар юртимиздаги тинчлик-осойишталик, фаровонлик учун шукроналар айтиб, Ватанимиз янада обод бўлиши, истиқлолимиз қуёшидан нурафшон диёримизнинг бундан-да гуллаб-яшнаши халқимизнинг олий мақсади, ҳар бир юртдошимизнинг орзу-нияти эканини таъкидладилар. Наврўз сайиллари фуқаролар қалбини баҳор осмонидай беғубор қувончларга тўлдирди. Туман марказида бошланган Наврўз сайиллари қишлоқ ва маҳаллаларда давом этмоқда.