Yuridik va jismoniy shaxslar tomonidan veb sayt orqali bo'lgan murojaatlar
Jami murojaatlar: 38Ishonch telefoni statistikasi
КЕНГ КЎЧАЛАР, ОБОД КЎЧАЛАР
2022-10-13 14:19:36 251
ОЧИҚ БЮДЖЕТ лойиҳаси айни муддао бўлди. Азалдан қишлоқларимизда бирор муаммо бўлса, вароқ-вароқ ариза ёки шикоят ёзволиб идорама-идора чопардик. Президентимиз ташаббуси билан ташкил этилган бу лойиҳада қатнашиб, маҳалламизга 3,5 километр асфальт ютиб олдик. Шу кўчада ўғлимнинг оиласи учун уй қурганмиз. Бугун кўчалар кенгайтирилди, асфальт ётқизиляпти. Ободончиликни кўриб, ўзимни уйимга кетгим келмай қолди, -дейди меҳнат фаҳрийси Б. Рахимов.
Ҳақиқатан ҳам Олтиариқ тумани Дўстлик маҳалла фуқаролар йиғинидаги Саъди Шерозий кўчасига келган кишининг баҳри-дили очилади.
250 дан ортиқ хонадон эгалари истиқомат қилаётган Дўстлик, Ўзбекистон, Мевазор ва Саъди Шерозий кўчаларида табиий газ, ичимлик суви, электр таъминоти яхши йўлга қўйилган. Бироқ тупроқли, шағалли кўчалар ёзда чанг, қишда лой бўлиб, аҳолига анча муаммо туғдириб келарди. Очиқ бюджет лойиҳасига киритилиб, маҳалла аҳлининг бирдамлиги билан танловда ғолиб чиқилди.
Кечадан бошлаб "Тараққиёт" йўл қурилиш МЧЖ томонидан 3,5 километрли ички йўлларни асфальтлаштириш ишларини бошланди. Корхонанинг 10 дан ортиқ техникалари, 25 нафар ишчилари шижоат билан ишга киришган. МЧЖ раҳбари Ш. Соҳибов, йўлсозлар С. Муслимов, Х. Соҳибов, Ф. Раҳмонов, А. Дадажоновлар кўпи билан 5 кунда ишни якунлашлари ҳақида гапиришди. 3,5 - 4 метр кенгликда, 5 сантиметр қалинликда босилаётган янги асфальт кўчалар чиройини янада очиб юборяпти.
Маҳалла аҳли, айниқса, аёллар ва кексалар жуда хурсанд. МФЙ раиси Т. Ўринбоевга, Сектор раҳбари, туман ҳокими Ш. Турдалиев, вилоят ва республика раҳбарларига раҳмат айтиб, дуо қилишмоқда.
Обод ва фаровон кўчаларда фақат шодон ва мамнун одамларни учратасиз.