Yuridik va jismoniy shaxslar tomonidan veb sayt orqali bo'lgan murojaatlar
Jami murojaatlar: 38Ishonch telefoni statistikasi
РАСМИЙ МУНОСАБАТ
2022-08-17 18:24:33 235
Ижтимоий тармоқда “Олтиариқ деҳқон бозори” нинг орқа томонидаги чиқинди ташлаш жойида ахлат уюмлари тўпланиб турганлиги ва бозор ҳудудидаги тадбиркорларга тегишли қурилиш бошланган ҳудуддаги “тартибсизликлар” ҳақида видеомурожаат тарқатилган.
Туман ҳокимлиги мутахассислари, деҳқон бозори маъмурияти, туман санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бўлими, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш туман бўлими, Олтиариқ МФЙ мутасаддилари иштирокида ҳолат ўрганиб чиқилди.
Маълум бўлишича, деҳқон бозорида ахлат ва маиший чиқиндиларни тўплаш, олиб кетиш учун ўрнатилган контейнер ҳафтада уч маротаба “VODIY МAXSUS SANITAR TRANS” МЧЖ томонидан 05.01.2022 йил № ОТ/22-4 сонли шартнома асосида мунтазам алмаштириб турилади. Деҳқон бозорида тозалаш-санитария ишларини бажариш учун 6 нафар фаррошлар фаолият юритади. Улар томонидан асосан, тонгги ва тунги пайтларда ахлат ва чиқиндилар тўпланиши маъмурият томонидан назорат қилиб борилади. Блогер томонидан видеоёзувлар олинаётган маҳал ҳақиқатан ҳам контейнер ва унинг атрофида тартибсизлик юзага келган. Бундан ташқари, унга яқин жойдаги якка тартибдаги тадбиркор “Маҳрамов Улуғбек”га тегишли бўлган 84 кв.м. майдондаги бинонинг ертўла қисми учун қазилган ҳандақда ҳам мулк эгасининг назоратсизлиги туфайли, ахлат-чиқиндилар тўпланиб қолганлиги видеода акс эттирилган.
Шу куни деҳқон бозорига тааллуқли бўлган ахлат-чиқинди контейнерларини “VODIY МAXSUS SANITAR TRANS” МЧЖ томонидан алмаштирилди. Тадбиркор томонидан ўзига қарашли бўлган қурилиш майдонидаги ахлат ва чиқиндилар тозаланиб, зарарсизлантирилди.
Ҳозирги кунда Олтиариқ деҳқон бозорининг бош қурилиш лойиҳаси тайёрланаётганлиги сабабли, бозор ҳудудидаги фуқароларга тегишли бўлган савдо объектлари, бино ва иншоотлар қурилиши вақтинча тўхтаб турибди. Келгусида тасдиқланган лойиҳа асосида қурилиш ишлари амалга оширилгандан сўнг, тартибсизликлар билан боғлиқ муаммолар бартараф этилади, албатта. Бозор ҳудудига қўшни жойлашган кўпқаватли аҳоли тураржой бинолари атрофидаги кундалик ахлат ва чиқиндиларнинг тўпланганлик ҳолати юзасидан Олтиариқ МФЙ ҳамда уй-жойларга коммунал хизмат кўрсатиш билан шуғулланувчи “KOMFORT XIZMAT 777” МЧЖ ходимларининг ҳудуднинг озодалигини таъминлаш ва назорат қилиш юзасидан масъулияти оширилди.
Шу ўринда жамиятнинг илғор кишилари, фуқаролар ва блогерлар томонидан ҳудудларда учраб турган айрим муаммоларни бартараф этиш ҳамда аҳоли кайфияти ва Олтиариқ обрўсини кўтаришга ҳисса қўшиш борасидаги ҳаракатларини ижобий баҳолаймиз. Бироқ, уларга ҳар қандай муаммоларни ижобий ҳал этиш учун масъуллар борлиги, мутасаддиларга билдирилган эътироз ва таклифлар ўз жойида кўриб чиқилишини таъкидлаб ўтиш жоиз. Афсуски, айрим шахслар юзага келган камчиликларни бўрттириб, ижтимоий тармоқлар орқали жар солишлари ҳудди тирноқ остидан қидиришдек бўлиб туюлади. Балки, айрим кимсалар учун одамийлик, ҳурмат-эътибор ва ўзи яшаб турган юртнинг шаънидан шов-шув тарқатиб обрў қозониш, ижтимоий тармоқда машҳур бўлиш афзалдир. Хулоса, ҳар бир олийжаноб инсоннинг ўзига ҳавола.