Yuridik va jismoniy shaxslar tomonidan veb sayt orqali bo'lgan murojaatlar
Jami murojaatlar: 38Ishonch telefoni statistikasi
Давлат хизматчиси адолатлилик, ҳалоллик ва холислик қоидаларига амал қилиши шарт!
2022-12-24 17:43:11 164
Жорий йилнинг 14 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Давлат фуқаролик хизматчилари томонидан одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этилишини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги 595-сон қарори қабул қилинди.
Ҳужжат билан қуйидагилар тасдиқланди:
Давлат фуқаролик хизматчилари одоб-ахлоқининг намунавий қоидалари;
Одоб-ахлоқ комиссияси тўғрисидаги намунавий низом.
Давлат органлари, Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва шаҳар ҳокимликлари ҳамда бошқа ташкилотларга 2022 йил 25 октябрга қадар идоравий одоб-ахлоқ қоидалари, ички меҳнат тартиб-қоидаларини Давлат фуқаролик хизматчилари одоб-ахлоқининг намунавий қоидаларига мувофиқлаштириш вазифаси юклатилди.
Қабул қилинган Одоб-ахлоқ қоидалари билан давлат хизматчиларининг касбий маданияти, хизмат фаолияти давомида ҳамда хизматдан ташқари вақтда ташқи кўриниши ва кийиниш услуби белгиланган.
Давлат хизматчилари ўз касбий фаолиятини қуйидаги принциплар асосида амалга ошириши шарт:
қонунийлик;
Ватанга садоқат ва хизмат вазифасига фидойилик, юкланган функционал вазифаларини тўлиқ бажариш, ижро интизомига қатъий риоя этиш;
фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларининг устуворлиги;
адолатлилик, ҳалоллик ва холислик;
коррупциявий ҳолатларга муросасиз муносабатда бўлиш ва қарши курашиш;
хизмат сирини қатъий сақлаш;
мансаб ваколатларини суиистеъмол қилмаслик.
Давлат хизматчиларининг Одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этмаслиги уларни ахлоқий ва интизомий жавобгарликка тортиш учун асос ҳисобланади. Одоб-ахлоқ комиссияси қуйидаги ахлоқий таъсир чораларини қўллайди:
огоҳлантириш;
узр сўраш ёки расмий узрнома келтиришни талаб қилиш;
давлат органи ва ташкилотининг коллегиал йиғилишларида танбеҳ бериш.
Одоб-ахлоқ комиссияси давлат хизматчисига нисбатан интизомий таъсир чорасини қўллаш учун давлат органи ва ташкилоти раҳбарига тақдимнома киритиши мумкин.
Давлат органи ва ташкилоти раҳбари одоб-ахлоқ қоидаларини бузган тақдирда одоб-ахлоқ комиссияси унга нисбатан тегишли чора кўриш масаласи юзасидан таклифларни юқори турувчи давлат органи ва ташкилоти раҳбарига юборади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари миллий маълумотлар базасида эълон қилинган ва 15.10.2022 йилдан кучга кирган.
Олтиариқ туман
адлия бўлими бошлиғи А.Юлдашев