Юридик ва жисмоний шахслар томонидан веб сайт орқали бўлган мурожаатлар
Жами мурожаатлар: 38Ишонч телефони статистикаси
ЭҲТИРОМ ТАДБИРИ
2022-05-07 11:57:19 226
Хотира ва Қадрлаш куни байрамини олтиариқликлар ҳам умумхалқ байрами сифатида кенг нишонладилар. Даставвал туман марказидаги Мотамсаро она ҳайкали пойига туман ҳокими Шамсиддин Турдалиев гулчамбар қўйиб, бу ҳаётдан кўз юмган юртдошларимиз хотираси олдида таъзим бажо келтирди.
Шундан сўнг туман прокуратураси, мудофаа, ички ишлар, “Нуроний”, халқ таълими бўлимлари, туман Далат солиқ инспекцияси, туман “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, Ўзбекистон ёшлар ишлари агентлиги туман бўлими ва кўплаб корхона-ташкилот мутасаддилари, кенг жамоатчилик вакиллари Мотамсаро она ҳайкали пойини анвойи гуллар билан буркадилар.
Тадбирда туман ҳокими Ш.Турдалиев Хотира ва Қадрлаш куни байрами ҳамда фашизм устидан қозонилган ғалабанинг 77 йиллиги билан тумандошларимизни самимий муборакбод этди.
Маълумотларда келтирилишича, Иккинчи жаҳон уришида юртимиздан 1 миллион 500 минг киши урушда қатнашган. Улар орасида 500 минг ватандошимиз жанггоҳлардан қайтмаган. Улар юртимиз озодлиги ва ободлиги йўлида қаҳрамонлик намуналарини кўрсатишган.
Хотира ва Қадрлаш куни букилмас ирода ва сўнмас жасорат намунасини намоён этиб, ўзларининг азиз жонларини муқаддас диёримиз фаровонлиги учун фидо қилган улуғ аждодларимизнинг ёрқин хотирасига юксак эҳтиром кўрсатилди.
Ҳозирда Иккинчи Жаҳон урушининг Олтиариқлик тирик афсоналари бўлган Қаҳҳоржон ота Маърупов, Абдусалом ота Нуриддинов ва Тўланбой ота Шокировлар шукроналикда сафимизда умргузаронлик қилмоқда. Уларнинг босиб ўтган умрлари барчамиз учун ибрат эканлиги алоҳида таъкидланди.
Тадбирга Иккинчи жаҳон урушининг олтиариқлик тирик афсоналари, фронт орти меҳнат фахрийлари, ҳуқуқ-тартибот идоралари, корхона, ташкилот, муассасалар раҳбарлари, туман фаоллари, ёшлар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари таклиф этилди.
Туман маданият уйининг уруш йилларини гавдалантирган театрлаштирилган дастури ва истеъдодли хонандалар томонидан ижро этилган тароналар меҳр-оқибат, бағрикенглик ва хайр-саховатни янада мустаҳкамлашга қаратилгани, тинчликнинг қадрига етишга ундагани билан ҳам кечага ўзгача шукуҳ бахш этди.
– Истиқлол йиллари мен учун қувончли дамларга бой бўлди. Урушнинг оғир асорати юрагимни тирнаса-да, фарзандларим ва набираларимнинг орзу-ҳавасларини, мамлакатимизда инсон омилига кўрсатилаётган ғамхўрликларни кўришдек бахт насиб этганидан, тинч-осойишта юртда шукроналик давраларининг тўрида эканлигимиздан бахтиёрман. Ўтган йилларда Президентимиз раҳнамолигида амалга оширилаётган беқиёс ислоҳотлар туфайли бепул муқаддас Ҳаж зиёратини адо этиб қайтдим. Биз – фахрийлар Юртбошимиздан миннатдормиз, – дейди биз билан суҳбатда Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Қаҳҳоржон ота Маърупов.
Тумандаги “Шаббода” тўйхонасида файзли дастурхон атрифида ташкил этилган байрам дастурида Иккинчи жаҳон урушида ва ундан кейинги даврларда, истиқлол йилларида хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг хотиралари ҳам ёдга олинди.
Тарихий хотира билан яшаш, кексалар ва ёшларга ғамхўрлик кўрсатиш халқимизга хос инсоний фазилатлардандир. Зеро, мард ва жасур боболаримиз бизларнинг фахримиздир. Ўзбекистонимизнинг гуллаб-яшнаши ва равнақи йўлида самарали хизмат қилган кексалар эса ҳамиша эъзозу ардоғимиздадир.
Бизни ижтимоий тармоқларда кузатинг
Facebook |
Telegram |
Telegram murojaat