Юридик ва жисмоний шахслар томонидан веб сайт орқали бўлган мурожаатлар
Жами мурожаатлар: 38Ишонч телефони статистикаси
“МИССИОНЕРЛИК – ДИНЛАРАРО НИФОҚДИР”
2024-06-11 12:15:18 921
Миссионерлик ҳаракати диний ақидапарастлик, фундаментализм, экстремизм, терроризм, гиёҳвандлик сингари глобал муаммолардан бирига айланиб бормоқда. Хозирги кунга келиб дунё миқёсида мазкур иллатга қарши курашиш жуда кўплаб мамлакатларда долзарб вазифалардан бири сифатида эътироф этилмоқда. Миссионерлик нафақат инсонларнинг эътикодига, балки турли дин, миллат ва элатларнинг ҳамжиҳатлигига раҳна солмоқда. Натижада айрим мамлакатлардаги ижтимоий, сиёсий, маданий ва маънавий муносабатларга ҳам бевосита салбий таъсир кўрсатмоқда.
Бугунги кунга келиб замонавий ахборот майдонидаги ҳаракатларнинг жадаллашуви оқибатида мафкуравий таъсир ўтказиш ниҳоятда ўткир қуролга айланмоқда. Буни яхши англаган турли сиёсий кучлар миссионерликдан ўз манфаат ва мақсадлари йулида фойдаланишаяпти.
Миссионерлик ташкилотлари ўз фаолияти тўғрисидаги муайян ахборотни махфий равишда сақлаш орқали жамият ва давлат миқёсидаги жараёнларга таъсир кўрсатишга интилишади. Хусусан, жамият ва мамлакатдаги реал ҳаётни рад этиш, ҳақиқатни бузиб кўрсатиш воситасида ўзларининг фаолиятини ниқоблашга ҳаракат қилиш холатлари кузатилмоқда. Миссионерликнинг асосий мақсади жамиятда ўзларига хайрихоҳ бўлган гуруҳлар ва тарафдорлар сонини шакллантириш, кўпайтириш орқали ўз назоратини ўрнатишдир.
Айниқса, бир динга эътиқод қилувчилар орасига низо ва нифоқ солиш ёрдамида фуқароларни ўзга динга ўтказишга бўлган интилишлар тобора кўчаймоқда. Хусусан, мусулмонларни христианликка, христианларни эса кришначиликка, проваславларни протестантликка даъват этиш бевосита миссионерлик натижасида амалга оширилмоқда. Миссионерлик тарафдорлари томонидан инсонларни ташкилотга аъзо қилишда, энг аввало, уларнинг маънавиятига таъсир кўрсатиш мухим ўрин эгаллайди.
Миссионерлар хали онги шаклланмаган, миссионерлик тўғрисида аниқ билим ва тасаввурга эга булмаган инсонларнинг онги ва қалбини забт этиш орқали уларни ўз тузоғига илинтириш пайида бўлишади. Айниқса, ташкилотдан чиқиб кетишга интилаётган аъзоларини: «Агар сен сафимиздан чиқиб кетсанг, ҳаётинг чилпарчин бўлади, дузахга тушасан» деб қўркитишади.
Миссионерлик фаолиятида инсон иродасини синдириш, унинг фикрлари, хиссиёти ва хулқини назорат қилишга қаратилган психологик таъсир воситаларидан фойдаланилади. Улар алдаш, фирибгарлик орқали инсонларни тўғри йулдан адаштиришади. Хусусан, ўзларининг бузғунчи ғояларини тарғиб-ташвиқ қилиб, бошқаларни аждодлари эътикод қилган диндан воз кечтиришади.
Агар миссионерлик стратегиясига эътибор қаратсак, улар кўпинча эътикоди суст ёшлар, сиёсий ва диний билимлари саёз бўлган соддадил фуқаролар орасида ўзларининг баландпарвоз диний ғояларини тарғиб қилиш орқали уларни ўз тузоғига илинтираётганига амин бўламиз.
Айниқса, ўз раҳнамоларини улуғлаш орқали гўёки, уларнинг асл дин ва диний таълимотларни тарғиб этишда фидойилик кўрсатаётганлигини таъкидлашади. Шунингдек, миссионерлик фаолиятини тарғиб этувчи «асар»ларни оғиз кўпиртириб мақташади. Натижада диндорлар ўртасидаги аҳиллик, ҳамжиҳатлик, тотувликка раҳна солишади.
Миссионерлик ташкилотлари биринчи галда иқтидорли, серғайрат ва ақлли ёшларни «овлаш»га астойдил ҳаракат қилишади. Уларнинг таъсирига тушган ёшларнинг аксарияти оилавий муносабатлар, жамият ҳаёти ва мамлакат манфаатларидан воз кечиши холатлари кузатилмоқда.