Юридик ва жисмоний шахслар томонидан веб сайт орқали бўлган мурожаатлар
Жами мурожаатлар: 38Ишонч телефони статистикаси
ТЕРРОРИЗМ – МАНФУР ТЎДА ВА ЁВУЗ КУЧЛАР ЖАҲОЛАТИ
2024-02-01 09:47:08 543
Хозирда юзага келаётган хавф-хатар ва таҳдидлар, аввало, халқаро терроризм, экстремизм, ноқонуний миграция, одам савдоси, ёшлар ўртасида халқимизга ёт ғоялар тарқалишининг тобора кучайиб бораётганлиги хуқуқ-тартибот идоралари олдига ўз вақтида уларнинг олдини олиш ва уларга бархам бериш бўйича янги вазифаларни қўймоқда.
Кейинги пайтларда хавфсизлик ва барқарорликка таҳдид солувчи халқаро терроризм ва наркобизнес каби глобал муаммолар бир ёки икки мамлакат доирасида хал бўладиган масала эмаслигини барча англаб етмоқда. Хозирда ана шундай иллатларни давлатлараро хамкорлик асосида изчиллик билан бартараф этиш муҳим бўлиб қолди. Юртимизнинг тинчлиги мамлакатимизда хавфсизлик ва барқарорликни, давлатимизнинг худудий яхлитлигини, сарҳадларимиз даҳлсизлигини, фуқароларимизнинг осойишталигини таъминлаш билан узвий боғлик.
Мустақиллигимизга раҳна солиши мумкин бўлган турли кучлар мавжудлиги бугун хаммамизга аён. Бу эса ҳар бир давлатда, худудда, оилада, маҳаллада, бутун жамиятда хушёрликни оширишни талаб қилмоқда.
Дин ниқоби остидаги террорчилар жамият ўртасида бузғунчилик, ноақ қон тўкиш каби салбий холатларни авж олдириб, Ватан равнақи ва ислом дини ривожига раҳна солишга уринмоқдалар.
Бугун бутун дунёга хавф солаётган, дин ниқоби остида турли хунрезликларни амалга ошираётган ИДнинг соҳта иддаолари-ю ғаламисликларини, аслида, улар айрим кучларнинг “қонли қўли” эканлигини кўпчилик яхши билади. Зеро, уларнинг даҳшатли қирғинлари, вайронкорлик руҳидаги қарашларини оммавий ахборот воситалари орқали кузатиб боряпмиз. Бироқ орамизда англаб-англамай, жахоний ваъдаларга ишониб, уларнинг сафига қўшилаётган ёшлар ҳам учраб турибди. Яқинда интернет сайтлардан бирида жангариларга қўшилган хорижлик айрим ёшлар ҳақида мақола эълон қилинди. Унда, жумладан, шундай дейилади:
«Н. февраль ойидан май ойигача ИД жангарилари сафида бўлган. Дастлаб у наркотик моддалар истеъмол қила бошлайди. Сўнг шу йўналишда фаолият олиб борадиган жиноятчилар билан танишади. Улар шариат, дин, жиҳод ҳақида гапириб, ўзларининг чупчаклари билан Н.нинг онгини захарлашади.
- Биз 11-12 киши бир гуруҳ бўлиб Газиантеп (Туркия шарқидаги шаҳар) шаҳрига бордик ва тунда чегарадан ўтдик, – деб ҳикоя қилади Н. – У ерда бизни «Ал-Қоида» жангарилари текширишди. Хамроҳларимиздан бири арабчани яхши билар экан, у бизнинг ИД аъзоларидан эканимизни айтди. Ярим соатлардан сўнг ортимиздан келишди ва соат тунги 3 ларда Сурияга етиб олдик, эрталаб лагерда бўлдик. 15 кун биз ҳарбий тайёргарликдан ўтдик: югуриш, жанг қилиш, қуролдан ўқ отиш каби машқларни бажардик. Бизга алоҳида ўргатувчи бириктирилган. Аммо бизни жуда мукаммал тайёрлашди, деб айта олмайман. Чунки улар учун энг муҳими аскарлар қуролдан ўқ узишни ўрганишса бўлди. Бир муддат ўтгач, бизни гуруҳларга ажратиб, жанг кечаётган нуқталарга юборишди. Бизнинг жанговар гуруҳимизга бир турк раҳбарлик қиларди.
Ҳарбий машқлар тугагач, эртаси куни илк маротаба жангга кирдим. Гуруҳимиз кутилмаганда пистирмага дуч келди ва бизни ўққа тутишди. Омон қолганлар мурдаларни йиғиб, ортга, Раккага қайтдик.
Ҳа, бир куни 3 нафар одамнинг қатл қилинишини кўрдим. Улардан бири менга қаради ва яқин вақт ичида ўлдирилишини англаб турган бўлса-да, кулди. Ўзимни тутиб туролмай, тепдим, у индамади ва мен “тез орада каллангдан жудо бўласан”, дедим. Жангдан сўнг асабларим адо бўлганди. Унинг хотиржам устимдан кулишига чидай олмадим.
Улар одамларни шундай қўрқитишадики, бу ақлга сиғмайди. Хатто 14 ёшли болакайни ҳам киприк қоқмай, худди қўйдек бўғизлаб ташлайверишади. Бу ёғини ўзингиз тасаввур қилаверинг. Улар қандай дори ичган, нима еган – билмайман, хуллас, одамлик сиёҳи йўқ. Зомби сингари одамларни чавақлашади. Сўнг, ўз юртларини озод қилгандек, хурсанд бўлишади. Мен 3-4 маротаба ана шундай воқеаларни ўз кўзим билан кўрдим. Бу – даҳшатнинг ўзи!»
Сиз ўқиган воқеалар ИДнинг ёвуз жиноятларининг мингдан бири, холос. «Бирни кўриб, фикр қил, бирни кўриб, шукр қил», деганлар. Шундай экан, инсонларни имондан, Ватанидан, яқинларидан, хаёт қувончларидан айираётган бу каби манфур тўдаларнинг қутқу ва найрангларидан огоҳ бўлинг. Аллоҳ берган омонат умрни солих амаллар билан безатинг!
Бу борада таълим муассасаларида, маҳаллаларда кенг тушунтириш ишларини олиб бориш, ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш, уларни кўпрок, касб-хунар ва билим эгаллашга, китоб мутолааси ва спортга жалб этиш муҳим ахамият касб этади. Зеро, эзгуликка тўла қалб сохиби бўлган инсонлардан ҳеч қачон ёвузлик ва жаҳолат чиқмайди.