Шрифт ўлчами Ранг Расм

Ижтимоий тармоқлар

<< Noyabr 2024 >>
DUSECHPAJUSHYA
    123
45678910
11121314151617
18192021222324
252627282930 

Янгиликларга обуна бўлиш


Хозир сайтда 37 нафар фойдаланувчи Ишонч телефони статистикаси

  ОКЕАН ОРТИДА ҲАМ МАШҲУР УЗУМЛАР

×

 2023-12-22 09:56:57    827

PDF юклаш
Чоп этиш



       Олтиариқ туманида етиштирилган узумлар АҚШ бозорларига ҳам кириб борди. Тумандаги “Sherakhun” хусусий корхонаси томонидан жорий йил ноябрь ойи бошларида синов тариқасида Қўшма Штатларга юборилган 1 тонна узум “NetCost” озиқ-овқат савдо марказлари тармоғининг Нью-Йорк нуқталарига қадоқланиб, тарқатилди ва икки куннинг ичида харидоргир бўлиб, сотилди.

Бу жараёнда АҚШнинг Қишлоқ хўжалиги департаменти ва Озиқ-овқат маҳсулотларининг санитар назорати бошқармаси “FDA” томонидан Олтиариқ узумларининг экспорт учун мева карантин талабларига мослиги ўрганиб чиқилди ва ижобий хулоса тақдим этилди.

Америкадаги йирик супермаркетлар билан ҳамкорлик қилувчи “E.L.A. Superior Produce Inc.” компанияси билан “Sherakhun” хусусий корхонаси ўртасида доимий экспорт шартномаси имзоланди. Шартномага кўра, эндиликда 250 тонна “Келинбармоқ” навли узум  океан ортига самолётларда етказиб берилади ва бу савдо алоқалари доимий давом этади. Америка компанияси келажакда тезкор етказиб беришни таъминлаш мақсадида Олтиариқ туманида “FDA” лицензиясидан ўтган АҚШ мева-сабзавот базасини яратиб, у ернинг ўзида хорижий стандарт талаблари асосида карантин рухсатномасини расмийлаштириш ва қадоқлаш тизимини йўлга қўйиш учун сармоя киритиш соҳасида истиқболли лойиҳаларни амалга оширади.

Тадбиркор Шавкатжон Алиқулов раҳбарлигидаги “Sherakhun” хусусий корхонаси Россия ва Беларусь давлатларига ҳам Олтиариқ узумларини экспорт қилиб келади. Беларусь бозорига жадал кириб бориб, мамлакатдаги “Доброном”, “Соседи”, “Корона”, “Грин” каби 7 та йирик супермаркет тармоқларига доимий узум етказиб берди.  Айни кунда корхона томонидан  умумий ҳажми 400 тонна мева-сабзавот омбори қурилиши поёнига етмоқда.

 Эътиборга молик жиҳатлардан яна бири. Жорий мавсумда  Фарғона вилоятидаги узумзор боғларда етиштирилган 208 минг 400 тонна узумнинг 61 минг  800 тоннаси Олтиариқ тумани ҳиссасига тўғри келди.

Бу бежиз эмас, албатта. Азал-азалдан миришкор деҳқонлар сифатида танилган олтиариқликлар ҳар қарич ердан фойдаланиш ҳадисини олган. Бу заминда етиштирилган сархил узумларни татиб кўрган киши боғбонлар меҳнати ва маҳоратига қойил қолади. Тупроқ билан тиллашиш ва диллашини ҳуш кўрган олтиариқликлар узум экиш сақлаш, турларини  кўпайтириш ва сотиш жуда катта ҳаётий тажрибага эга. Боиси, кейинги йилларда соҳа ривожи йўлида амалга оширилаётган истиқболли лойиҳалар тиллоранг, тилёрар узум етиштириш ҳажмини оширди, сифатини яхшилаш имкониятини берди.

- Бундай эътироф ва эътирофга ўз ўзидан эришилгани йўқ,-дейди туман ҳокимлиги қишлоқ хўжалиги бўлими мудири Умиджон Бозоров.- Президентимизнинг мева-сабзавотчилик соҳасида қўшимча қиймат занжирини яратиш, узумчиликни ривожлантиришда кластер, кооперация  тизимини жорий этиш тўғрисида берган имтиёз ва имкониятлари соҳа ривожида муҳим дастурамал бўлмоқда. Унумдорлиги паст, кам ҳосилли ғалла майдонлари босқичма босчиқ қисқартириб, унинг ўрнига янги токзолар ташкил этилгани ўз самарасини кўрсатди. Кейинги тўрт йилда туманимизда 3000 минг гектар майдонда янги узумзорлар ташкил этилди.  Яхши ниятда экилган 1400 гектар майдондаги дастлабки узум кўчатлари ҳосилга кирди. Ҳар гектар ердан олинган ҳосилдорлик салмоғи 25-30 тоннага етди.  Шу кунга қадар узум ва мева етиштириш, сақлаш, қайта ишлаш ва сотиш йўналишларида умумий қиймати  70 млрд. 654 млн. сўм бўлган 11 та истиқболли лойиҳалар ишга туширилди.

Бу жуда катта имконият. Аввалари ҳам олтиариқлик томорқачилар узум етиштирган. Аммо, сархил маҳсулотнинг асосий қисмини ички ва яқин қўшни мамлакатларга сотиш билан кифояланган. Сабаби, халқаро бозор талабларига мос, бир нав ва кўринишга эга бўлган ҳосилни аҳолидан йиғиштириб олишнинг имконияти йўқ эди. Бугун ҳамма нарса ўзгарди. Фемер ва  кооперация эгалари томонидан ташкил этилган йирик узумчилик плантациялари мижозлар талаб ва истакларига мос  ва хос бўлган сархил  узум навларини етиштириб бермоқда. Жорий йилнинг ўзида умумий қиймати 104 миллион 376 минг АҚШ долларига тенг бўлган 9 минг 600 тоннадан ортиқ маҳсулот турлари Россия, Европа, Араб Амирликлари ва океан орти мамлакатларига  экспор қилинмоқда.

Шу кунга қадар маҳсулотнинг асосий қисми асосан куз ойларида ташқи бозорга сотилган. Эндиликда бу меваларни йил давомида эскпорт қилиш имконияти яратилди. Кейинги икки йилда ташаббускор тадбиркорлар сайъ-ҳаракати билан умумий сиғими  68 минг 800 тонна бўлган, 83 та замонавий энергия тежамкор музлатгичлар ишга туширилгани меваларни сақлаш ва сотишда ўзига хос қулайликлар  берди. Айни кунда мавжуд омборларда 4 минг тоннадан ортиқ “Келинбармоқ”, “Ҳусайни”, “Ризамат”,”Мерседес” сингари узум навлари сақлашга қўйилган.

 Тумандаги “Кўлбўйи” маҳалласи узум етиштириш ва уни сақлашда ўзига хос тажрибга эга. Ҳар бир ҳовлининг узум ишкорлари бор. Маҳаллада узум пишиғигача ҳосил сақлаш ҳадисини олган миришкорлар кўп. Уларнинг бу борадаги изланиш ва маҳоратларига қойил қолмай иложингиз йўқ. Хусанбой Ғофуров узумчилар сулоласининг бешинчи авлоди бўлади. Бу хонадонда қиш чилласида ҳам ҳудди янги узилган, банди кўм-кўк ҳолда сақланаётган узумларни кўриб баҳридилингиз очилади.

-Узумларни кейинги йил ҳосили пишгунча сақлаймиз,-дейди миришкор. - Унинг уч ҳил усули бор. Биринчиси узумни токдан узмай, совуқ об-ҳаводан ҳимоя қилиб сақлаймиз. Яна бири, махсус қутиларга жойлаб, анъанавий уй-шароитда сақлаш. Энг оммалашган тури,  “бакалашка” яъни пластик идишларда сақлаш ҳисобланади. Кейинги йилларда бу усул анча оммалашди. Бунда пишга узумни калтаги билан кесиб, пластик идишдаги сувга солиб қўйилади.  Натижада, узум узоқ вақт  ўз тами ва кўринишини  йўқотмай туришида қўл келади. Лекин ҳамма узум навлари ҳам бу анъаналарга мос келмайди. Шу боис, “Келинбармоқ”, ”Хусайни”,“ Мерседес” узумларини ноль градусдан паст бўлмаган уй шаротида сақлаш ҳар жиҳатдан фойдали.

 Хонадонда узум сақлашга мослашган омборхона қурилган.  Ҳар бир хонада 500 килограммдан  2, 5 тоннагача узум сақлаш имконияти бор. Узумчи боғбонинг айтишича,  томорқада  хориждан келтирилган “Аватар”,”Аливека” сингри маҳаллий иқлим шароитимизга мос серҳосил, экспортбоп уруғсиз узум навларини етиштириш борасида иш олиб боряпти. Ҳалол меҳнати ортидан кўпнинг эътиборига тушди. 2021 йилли “Намунали томорқачи” кўкрак нишони билан тақдирланди.

 Маҳалладаги 575 та хонадоннинг аксариятида узум етиштирилади. Меҳнат қилган одамлар, изланишлари роҳатини кўрмоқда. Буларнинг эвазига тўйлар бўляпти, шинам уй-жойлар қуриляпти. Даярли ҳар бир оилада автомашина бор.  Маҳалла узумчилик йўналишида агротуризм анъаналари ривожланяпти. Узум етиштириш, сақлаш борасидаги иш тажрибалар билан яқиндан танишиш, тажриба алмашиш истагида бўлган хорижлик ва маҳаллий сайёҳлар сафи кўпаймоқда.  Бу эзгу амаллар тумандаги “Чинортаги”,”Узумчи” “Мирфозил” маҳалла фуқаролар йиғинлари аҳоли хонадонларида ҳам ривожланиб тараққий этяпти.

      Олтиариқ узумчилик мактаби ҳақида сўз кетганда, асрлар давомида қаровсиз, яйдоқ дала- даштдаги 1000 гектар майдонда яратилган “Янги Ўзбекистон” узумчилик боғи эътиборимизни тортади. Бу боғларга келган киши кўз илғамас кенгликларда ясатаниб кетган узумзорларга ошифта бўлади. Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш борасида олиб борилаётган амалий ислоҳотлар натижасида тош-шағалдан иборат бўлган майдонларда  янги ризқ-рўз манбаси пайдо бўлди. Янги қудуқлар ва ҳовузлар қазилиб қир–адирларга оби-ҳаёт кириб борди. Яхши ниятда экилган кўчатлар туп олиб япроқ ёзди. Ўзлаштирилган майдонларнинг 560 гектарида токзор барпо этилиб, “Хусайни”,”Келинбармоқ”,”Ризамат”,”Кишмиш”сингари бозоргир узум навлари парваришланяпти. 300 гектар интенсив боғда олма, гилос, ўрик кўчатлари баравж ривожланмоқда.  Бу ерда 2 мингдан ортиқ узумчи боғбонлар иш билан таъминланди.  Ўтган йили экилган узум ниҳолларини совуқ ҳаво ҳароратидан эҳтиётлаш мақсадида кўмиб қўйилибди.

    -Йигирмасотих ерга 600 туп данаксиз “Аватар” навли узум кўчатлари олиб келиб парваришлаяпмиз. Кўчатларимиз келгуси йилдан ҳосилга киради,-дейди қўрғонтепалик Мурождон Мавлонов.- Ниҳоллар маҳаллий ер, об-ҳаво  шароитига мос  келиб, яхши ривожланди. Данаксиз узумларга  ташқи бозорда талаб юқори. Экин ерларидан унумли фойдаланиш мақсадида кўчатлар орасига эртаки ва тўқсонбости усулда сабзавот, полиз экинлари экиб даромад оляпмиз.

      Янги боғлар яратиш, узум етиштириш, сақлаш ва сотиш билан боғлиқ мустаҳкам занжир яратилишида узумчилик кооперацияларининг ўрни катта бўлмоқда. Айни кунда бу йўналишда 6 та кооперация ташкил этилган.

       -Деҳқончиликда ҳамжиҳатлик билан иш олиб бориш муҳим,-дейди “Янгиобод замин ниҳоллари” узумчилик кооперацияси раҳбари Қобилжон Холматов.-Ўттиз олти гектар ерда узумчилик кооперацияси ташкил қилганмиз. Элликдан ортиқ аъзоларимиз бор. Бу усулда иш олиб бориш ҳар жиҳатдан қулай ва самарали. Экин экиш, агротехник тадбирларни ўз вақтида ўтказиш, сақлаш ва сотиш амалларини ўзаро бамаслахат, аниқ ҳисоб- китоблар асосида олиб борамиз. Бу сифатли маҳсулот етиштириш, зарарли ҳашоратларга қарши биргаликда курашиш, тан-нархини арзонлатишда муҳим ҳисобланади. Шу кунга қадар, боғ қатор ораларига ишлов беришга ихтисослашган 3 та мини трактор” Исузи”, “Фура” сингари йирик юк ташиш машиналарини харид қилдик. Бу ўзимизнинг узум боғларда етиштирилган маҳсулотларни тўғридан-тўғри ички ва ташқи бозорга сотиш имкониятини бермоқда.

       Сархил мева етиштириш ҳажми ва сифатини ошириш, экспорт географиясини кенгайтиришда серҳосил, ҳудудлар ер ва иқлим шароитига мос бўлган кўчат етиштириш муҳим ҳисобланади. “Хайрулло Баҳром Бойматов” фермер хўжалиги томонидан 75 гектар ерда узумчилик плантацияси ташкил этилган. Бу ерда 20 турдаги хориж ва маҳаллий узум навларини парваришлаш, кўпайтириш борасида амалий ишлар олиб борилмоқда.

       -Ўтган баҳор мавсумида 250 минг туп сарҳил узум кўчатлари етказиб бердик,-дейди фермер хўжалиги раҳбари Исақжон Бойматов.-Асосий эътиборимизни ички ва ташқи бозорда харидоргир бўлган “Келинбармоқ” ,”Хусайни”, ”Ризамат”,” Мерседес”навларини кўпайтиришга қаратяпмиз. Бундан ташқари, бобмерос узум навларини қайта тиклаш мақсадида “Эф-1”, ”Максим” сингари янги узум навларини маҳаллийлаштириш борасида изланишлар олиб боряпмиз. Бу навлар эртапишар, серҳосил ва узоқ вақт сақланиш хусусиятлари билан ажралиб туради. Айни кунда кўчат экиш мавсуми учун 200 минг тупдан ортиқ сара узум кўчатлари етказиб берамиз.

     Сирасини айтганда, узумчилик борасида тўпланган Олтиариқ тажрибасини оммалаштириш йўлида амалга оширилаётган ҳаётбахш ислоҳотлар аҳоли фаровонлигини ошириб, экспорт салоҳиятини юксалтириш имкониятини бермоқда.

Расулжон Камолов

“Янги Ўзбекистон” мухбири.