Шрифт ўлчами Ранг Расм

Ижтимоий тармоқлар

<< Noyabr 2024 >>
DUSECHPAJUSHYA
    123
45678910
11121314151617
18192021222324
252627282930 

Янгиликларга обуна бўлиш


Хозир сайтда 13 нафар фойдаланувчи Ишонч телефони статистикаси

“ЯККА ТАРТИБДАГИ МЕҲНАТ НИЗОЛАРИ, НИЗОЛАРНИ СУДГАЧА ВА СУД ТАРТИБИДА КЎРИБ ЧИҚИШ”

×

 2023-12-01 07:24:26    673

PDF юклаш
Чоп этиш



“Ҳар ким муносиб меҳнат қилиш, касб ва фаолият турини эркин танлаш, хавфсизлик ва гигиена талабларига жавоб берадиган қулай меҳнат шароитларида ишлаш, меҳнати учун ҳеч қандай камситишларсиз ҳамда меҳнатга ҳақ тўлашнинг белгиланган энг кам миқдоридан кам бўлмаган тарзда адолатли ҳақ олиш, шунингдек ишсизликдан қонунда белгиланган тартибда ҳимояланиш ҳуқуқига эга”

Ўзбекистон Республикаси Конситуцияси, 42-модда.

 

Судлар томонидан фуқароларнинг меҳнат соҳасидаги ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш борасида муайян ишлар олиб борилмоқда.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, кейинги вақтда судларга меҳнат ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиққан низолар юзасидан даъво аризалар киритиш сони бирмунча кўпайган.

Янги қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодекси аввалги кодексга нисбатан мукаммал ишлаб чиқилган бўлиб, унда меҳнатга оид муносабатлар ва уларнинг иштирокчилари ўртасида, хусусан, иш берувчи ва ходим ўртасида вужудга келадиган турли вазиятлар кенг ёритиб берилди, бунда асосий урғу ходимларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилди.

Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодекси VII бўлимида ходимларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, меҳнат низоларини кўриб чиқишга оид қоидалар мужассамлашган бўлиб, бу бўлим

6 параграфдан иборат.

Хусусан, бўлимда умумий қоидалар билан биргаликда якка тартибдаги меҳнат низоларини комиссияда, суд тартибида кўриб чиқиш, якка тартибдаги меҳнат низолари бўйича қарорларнинг ижро этилиш тартиби ҳамда жамоавий меҳнат низоларини ҳал этиш тартиби белгиланган.

Мазкур бўлимнинг 4-параграфи якка тартибдаги меҳнат низоларини суд тартибида кўриб чиқишга бағишланган бўлиб, бу параграфда меҳнат низоларини судда кўриб чиқишга оид барча қоидалар жой олган.

Хусусан, Кодекснинг 558-моддасида бевосита судда кўриб чиқилиши лозим бўлган якка тартибдаги меҳнат низолари кўрсатилган бўлиб, улар қуйидагилардан иборат:

1) агар ходимнинг иш жойида меҳнат низолари бўйича комиссия тузилмаган бўлса;

2) меҳнат шартномасини бекор қилиш асосларидан қатъи назар, ишга тиклаш тўғрисидаги, меҳнат шартномасини бекор қилиш санасини ва асослари таърифини ўзгартириш ҳақидаги, мажбурий прогул ёки кам ҳақ тўланадиган иш бажарилган вақт учун ҳақ тўлаш тўғрисидаги;

3) ходимга меҳнатда майиб бўлганлиги ёки касб касаллиги туфайли етказилган зиённинг ўрнини ёхуд ходимнинг мол-мулкига етказилган моддий зарарнинг ўрнини иш берувчи томонидан қоплаш ҳақидаги;

4) иш берувчи томонидан ходимга етказилган маънавий зиённи компенсация қилиш тўғрисидаги;

5) ишга қабул қилиш рад этилганлиги ҳақидаги;

6) иш берувчи томонидан касаба уюшмаси қўмитаси билан келишилган ҳолда олдиндан ҳал этилган масалалар юзасидан;

7) ходимлар ва иш берувчи жисмоний шахслар ўртасида юзага келадиган;

8) ўзини меҳнат қилиш ва машғулотлар соҳасида камситилишга учраган деб ҳисоблаётган шахсларнинг;

9) ходим томонидан иш берувчига етказилган моддий зарарнинг ўрнини қоплаш ҳақидаги.

Якка тартибдаги меҳнат низолари, ушбу модданинг биринчи қисмида санаб ўтилганларидан ташқари, ходимнинг хоҳишига кўра, бевосита судларда ҳам кўриб чиқилади.

Ходимнинг аризасини кўриб чиқишни якка тартибдаги низо меҳнат низолари бўйича комиссияда кўриб чиқилмаганлигига асосланган ҳолда рад этишга йўл қўйилмайди.

559-моддада якка тартибдаги меҳнат низосининг кўриб чиқилиши учун судга мурожаат қилиш ҳуқуқи кўрсатилган.

Унга кўра, қуйидагилар якка тартибдаги меҳнат низосининг кўриб чиқилиши учун судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга:

1) ходим ёки касаба уюшмаси қўмитаси;

2) Давлат меҳнат инспекциясининг мансабдор шахслари;

3) иш берувчи, у меҳнат низолари бўйича комиссиянинг қароридан норози бўлганда, шунингдек ўзига ходим томонидан етказилган моддий зарарнинг ўрнини қоплаш ҳақидаги низолар бўйича;

4) қонунчиликда белгиланган тартибда адлия органлари;

5) прокурор.

560-моддада якка тартибдаги меҳнат низосининг кўриб чиқилиши учун судга мурожаат қилиш муддатлари кўрсатилган бўлиб, бу муддатлар аввалги таҳрирдаги Меҳнат кодексида белгиланган муддатлардан фарқ қилади.

Хусусан, якка тартибдаги меҳнат низосининг кўриб чиқилиши учун судга мурожаат қилишнинг қуйидаги муддатлари белгиланади:

ишга тиклаш тўғрисидаги низолар бўйича — ходимга у билан меҳнат шартномаси бекор қилинганлиги ҳақидаги иш берувчи буйруғининг кўчирма нусхаси топширилган кундан эътиборан уч ой;

ходим томонидан иш берувчига етказилган моддий зарарнинг ўрнини қоплаш тўғрисидаги низолар бўйича — иш берувчи зарар етказилганлигини аниқлаган кундан эътиборан бир йил;

бошқа меҳнат низолари бўйича — ходим ўзининг ҳуқуқи бузилганлиги тўғрисида билган ёки билиши керак бўлган кундан эътиборан олти ой.

Ходимнинг ҳаётига ва соғлиғига етказилган зиённинг ўрнини қоплаш тўғрисидаги низолар бўйича, шунингдек ходимга етказилган маънавий зиённи компенсация қилиш ҳақидаги низолар бўйича судга мурожаат этиш муддати белгиланмайди.

Кодекснинг 561-моддасига кўра, меҳнат шартномаси қонуний асоссиз бекор қилинган, ғайриқонуний равишда бошқа ишга ўтказилган, меҳнат шартлари ўзгартирилган ёхуд ишдан четлаштирилган ҳолларда якка тартибдаги меҳнат низосини кўриб чиқувчи орган ходимни аввалги ишига тиклашлиги, шунингдек аввалги меҳнат шартларини тиклашлиги белгилаб берилди.

Меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббусига кўра бекор қилишнинг қонунийлиги тўғрисидаги масалани ҳал қилаётганда суд ходим билан меҳнат муносабатларини тугатишнинг асослилигига баҳо беради.

Якка тартибдаги меҳнат низосини кўриб чиқаётган суд ходимга мажбурий прогулнинг бутун вақти учун ўртача иш ҳақини ёки кам иш ҳақи тўланадиган ишни бажарган бутун вақти учун иш ҳақидаги фарқни тўлаш тўғрисида қарор қабул қилади.

Ғайриқонуний равишда ҳукм қилинганлиги муносабати билан меҳнат шартномаси бекор қилинган ёхуд ғайриқонуний равишда жиноий жавобгарликка тортилганлиги муносабати билан ишдан (лавозимидан) четлаштирилган ходимга аввалги иши (лавозими) берилиши керак, агар бунинг имкони бўлмаса (ташкилотнинг (унинг алоҳида бўлинмасининг) тугатилиши, қисқартиришга олиб келган штатлар ўзгариши ёки ишига (лавозимига) тикланишига тўсқинлик қилувчи қонунда назарда тутилган бошқа асослар мавжуд бўлган тақдирда), аввалгисига тенг бошқа иш (лавозим) берилиши керак.

Меҳнат кодексининг 562-моддасига кўра, ходимлар якка тартибдаги меҳнат муносабатларидан келиб чиқадиган талаблар бўйича судга мурожаат этганда суд харажатларидан озод қилинади.

Шуни таъкидлаш жоизки, ҳар ким меҳнат қилиш ва меҳнатга ҳақ тўлашнинг белгиланган энг кам миқдоридан кам бўлмаган тарзда адолатли ҳақ олиш, шунингдек ишсизликдан қонунда белгиланган тартибда ҳимояланиш ҳуқуқига эга экан, бу ҳуқуқлар авваламбор Конституциямизда кафолатлаб берилди, қонунчиликда меҳнат ҳуқуқларини амалга ошириш механизмлари аниқ кўрсатиб ўтилди.

Бу ҳуқуқларни ҳимоя қилиш масалалари юзасидан судларга киритилаётган даъволарни камайтириш учун жойларда иш берувчи ва ходимлар билан соҳага оид қонунчилик бўйича ҳуқуқий тарғибот ишларини жонлантириш, меҳнат қонунчилигидаги ўзгаришлар ва янгиликларни тушунтириш лозим бўлади.

Зеро, ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданият юқори бўлган жамиятда турли низолар ҳамда ўзаро муносабатлардаги тушунмовчиликлар бўлмайди.

 

Фарғона вилоят судининг

фуқаролик ишлари бўйича судьяси                           Н.Б.Сулайманов