Юридик ва жисмоний шахслар томонидан веб сайт орқали бўлган мурожаатлар
Жами мурожаатлар: 38Ишонч телефони статистикаси
ГИЁҲВАНДЛИК МИЛЛАТ КУШАНДАСИ
2023-09-22 15:14:46 380
“Ҳар бир маст қилувчи нарса хамрдир ва ҳар қандай хамр ҳаромдир”
Ҳадисдан.
Ўтган асрдан бизга «мерос» бўлиб қолган трансмиллий жиноятчиликнинг учта энг хавфли тури инсоният келажагига хавф солиб келмоқда. Хусусан халқаро терроризм, дин ниқоби остидаги экстремистик, фундаменталистик ва сепаратистик хуружлар, наркотик моддалар билан савдо қилиш (наркобизнес), одам савдоси ҳисобланади. Ҳозирги кунда ер юзидаги наркобизнесда айланаётган пул маблағи дунё аҳолисининг озиқ-овқат, кийим-кечак, турар-жой, таълим тизими ва тиббий хизматга сарфланаётган харажатларидан анча кўплиги билан фарқланиши ҳеч кимга сир эмас.
Энг ачинарлиси, гиёхвандлик оғир жиноятларнинг содир этилишига, оилалар ва миллат генофондининг бузилишига саббаб бўлмоқда. Шу боисдан, гиёҳвандликка қарши қурашни кучайтириш мақсадида БМТ томонидан «Наркотик моддалар тўғрисида»ги, «Психотроп моддалар» ҳамда «Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларнинг ноқонуний айланишига қарши қураш туғрисида»ги конвенциялар қабул қилиниб, 1987 йил 7 декабрдаги 47/112-сонли резолюциясига кўра «26 июнь – Халқаро наркотик моддаларини суистеъмол қилиш ва уларнинг ноқонуний айланишига қарши кураш куни» деб эълон қилинган.
Дунё бозорида тарқаладиган қора дорининг асосий қисми Афғонистонда етиштирилиб, уни ноқонуний йўл билан Марказий Осиё мамлакатлари орқали Ғарбга етказишга бўлган уриниш йилдан-йилга кучайиб бормоқда.
Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг XIX бобида Гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддалар билан қонунга хилоф равишда муомала қилишдан иборат жиноятлар ва улар учун жавобгарлик белгиланган.
Хусусан, мазкур Кодекснинг 270-моддада тақиқланган экинларни яъни кўкнор ёки мойли кўкнор, каннабис ўсимлиги ёхуд таркибида гиёвандлик воситалари ёки психотроп моддалар бўлган экинларни қонунга хилоф равишда экиш ёки етиштириш учун жавобгарлик белгиланган. Амалиётдан келиб чиқадиган бўлсак мазкур модда билан асосан яширин тарзда уй шароитида гиёҳвандлик моддаларини экиб, етиштирган шахслар жавобгарликка тортилади.
Мутахассисларнинг таҳлилига кўра, гиёҳвандлик юқори асаб тизимини қўзғатиб, ишдан чиқаргач, инсоннинг руҳий ва жисмоний саломатлигига путур етказади. Шунингдек, организмдаги моддалар алмашинуви жараёни бузилади ва охир-оқибат бутун вужуд заҳарланади. Бора-бора инсон организми бундай моддаларни истеъмол қилмаса, қисман ёки бутунлай ишдан чиқади. Бу масалага айниқса, сўнгги пайтларда ОАВ орқали жуда кўп марта тўхталиниб, огоҳ бўлиш ҳақида бонг урилмоқда.
Бугунги кунда гиёҳвандлик – XXI асрнинг глобал муаммоларидан бирига айланиб улгурди. Ўрта асрларда инсоният ҳаётига жиддий хавф солган вабо ва ўлат каби офатлар бугунги цивилизация замонига келиб ўз ўрнини гиёҳвандлик иллатига бўшатиб берди, десак асло муболаға бўлмайди. Соғлом турмуш тарзини олиб бораётган киши билиб-билмай бу кўчага кириб қолса, ўзининг тинч, фаровон ва бахтли ҳаётини қора зулматга айлантириши айни ҳақиқат. Гиёҳванд киши нафақат ўзига, балки яқинларига ҳам тўхтовсиз азоб беради. Ундан туғилажак фарзандлар эса ота-онасининг хатоси оқибатида бир умрга мажруҳлик қисматига мубтало бўладилар.
Баъзан гиёҳвандлик қурбонига айланиб қолган инсонларнинг қисматини кўриб, уларга нисбатан нафрат, қаҳр ва раҳм туйғуларининг уйғониши табиий. Уларнинг қуриётган дарахт мисол умри эвазига айрим қора ниятли ёвуз кимсаларнинг ҳамёни қаппаймоқда. Одам қиёфасидаги бундай махлуқларнинг қора оғуни вояга етмаган ёшлар орасида тарқатиб, уни истеъмол қилишга тарғиб қилаётганига жим қараб туриб бўлмайди, албатта.
Вояга етаётган фарзандларимиз ўтмиши қадим, тупроғи олтин, осмони мусаффо Ўзбекистоннинг келажак ворисларидир. Уларни мана шундай соғлом муҳитда, эзгу тушунчаларни юракларига жойлаб вояга етказайликки, ҳеч қанақа ташқи салбий хуружлар ва қора иллатлар ўпқони уларни ўзига жалб қила олмасин.
Олтиариқ тумани адлия бўлими
Юридик хизмат кўрсатиш маркази
бош юрисконсульти А.Шокиров