Юридик ва жисмоний шахслар томонидан веб сайт орқали бўлган мурожаатлар
Жами мурожаатлар: 38Ишонч телефони статистикаси
ҲОКИМИЯТЛАР БЎЛИНИШИ МУҲИМ КОНСТИТУЦИЯВИЙ ТАМОЙИЛДИР
2023-09-22 15:10:38 326
Ҳозирги кунда жаҳондаги барча демократик давлатлар ҳокимиятлар бўлиниши назариясини эътироф этишиб, уни давлат ҳокимиятини ташкил этишнинг асоси сифатида қабул қилишган. Ҳокимиятлар бўлиниши ўз манбасига кўра яхлит ва ягона бўлган давлат ҳокимиятининг уч мустақил тармоққа - қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимиятига – бўлинишини, ҳар бир ҳокимият тармоғи бошқалардан мустақил ҳолда фаолият юргизишини тақозо этади. Айни пайтда, ҳокимиятлар бўлиниши, ҳар бир ҳокимият тармоғи бошқасинининг ўз ваколат доирасидан чиқмаслигини, бошқа тармоқ ваколати доирасига ўтиб кетмаслигини назорат қилиб туради, шу тариқа ҳокимиятнинг суиистеъмол қилинишини олди олинади. Ҳокимиятлар бўлиниши чинакам бўлиши учун, унда «бир-бирини тийиб туриш ва ўзаро мувозанатда ушлаб туриш» тизими амал қилиши керак. Бу тизим нафақат ҳокимиятлар бўлинишини, балки, уларнинг бир-бирини ўзаро тийиб туришини ва бир бирининг фаолият доирасига дахл қилмаслигини таъминлайди.
Ҳозирги кунда ҳокимиятлар бўлиниши принципи демократик ҳуқуқий ривожланиш йўлидан кетаётган давлатларда ҳам назарий, ҳам амалий жиҳатдан эътироф этилган, ҳамда давлатчилик тизимида амалга оширилиб келинмоқда. Юқорида таъкидланганидек, ҳокимиятлар бўлиниши принципининг ҳақиқий амалга ошиши учун унда «бир-бирини тийиб туриш ва мувозанатда ушлаш» тизимининг мавжудлиги ва реал ишлаши муҳим. Ўзбекистон Республикаси Конституциясида «бир-бирини тийиб туриш ва мувозанатда ушлаш» тизимининг ҳуқуқий асослари мустаҳкамланган1. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 11-моддасида Ўзбекистон Республикаси давлат ҳокимиятининг тизими ҳокимиятнинг қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимиятига бўлиниши принципига асосланиши белгилаб қўйилган.
Замонавий дунёда ҳокимият ваколатларининг тақсимланиши принципи демократик ҳуқуқий давлатнинг энг муҳим белгиларидан бири ҳисобланади. Бундай принцип муайян давлатда бирор органнинг ёки алоҳида давлат раҳбарининг кучли диктатураси ўрнатилишининг олдини олади, давлат органларининг ваколатлари, вазифалари аниқ бўлишини таъминлайди, бир органнинг иккинчи орган ишларига аралашувига барҳам беради, бошқариш соҳасида чалкашликлар келиб чиқишига йўл қўймайди.
Ўзбекистон Республикаси давлат ҳокимиятининг тизими ҳокимиятнинг қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимиятига бўлиниши принципига асосланади. Қонун чиқарувчи ҳокимият икки палатали (юқори – Сенат, қуйи – Қонунчилик палатаси) Олий Мажлис томонидан, ижро ҳокимияти Вазирлар Маҳкамаси томонидан, суд ҳокимияти эса фаолият йўналишига қараб Конституциявий суд, Олий суд томонидан амалга оширилади.
Конституциямизда шу учала ҳокимият органларининг ташкил этилиши, вазифалари, ваколатлари белгилаб қўйилган. Шу билан бирга, уларнинг ўзаро фаолияти ва ўзаро муносабатлари ҳақида қоидалар ҳам ўрнатилган.
Ҳар қандай жамиятда бўлаётган ислоҳотлар бир нуқтада қотиб қолмаганидек, Ўзбекистон тараққиёти жараёнида ҳам айнан шу йўналишдаги ислоҳотлар босқичма-босқич давом эттирилмоқда.
Мамлакатимизда парламент томонидан Бош вазирга нисбатан ишончсизлик вотуми билдириш ҳуқуқи ҳам жорий этилди. Парламентнинг ҳукумат фаолиятини қўллаб-қувватламаслик шу тартибда ифода этилади. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қўшма мажлиси муҳокамасига Бош вазирга нисбатан ишончсизлик вотуми билдириш ҳақидаги масаланинг киритилишини белгиловчи норманинг аҳамияти ва салмоғи ҳам давлат механизмида бениҳоя каттадир. Чунки, бу орқали ҳукумат ва парламент муносабатларида барқарорликни таъминлаш назарда тутилди.
Сўнгги йилларда фуқароларнинг жамоатчилик назоратини амалга оширишдаги ролини кучайтириш, ҳокимиятлар бўлиниши конституциявий принципини ҳаётга изчил татбиқ этиш, марказда ва жойларда қонун чиқарувчи ва вакиллик ҳокимиятининг ваколатлари ҳамда назорат вазифаларининг ролини кучайтириш бу йўналишдаги ислоҳотларни янада юқори босқичга кўтарди.
Бундан ташқари, Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасидан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг тегишли йилга мўлжалланган Давлат дастури бажарилишининг бориши тўғрисидаги ҳисоботини Олий Мажлис палаталарида кўриб чиқиш институти қонунчилигимизда мустаҳкамланди. Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг аъзолари Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг Қонунчилик палатаси маъқуллаганидан кейин киритилган тақдимига биноан Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тасдиқланиши ва лавозимидан озод қилиниши белгиланди. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси аъзосининг лавозимига номзод унинг номзоди Қонунчилик палатасида кўриб чиқилаётганда ва маъқулланаётганда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ҳаракатлар дастури билан ўзаро боғлиқ бўлган, истиқболга мўлжалланган мақсадли кўрсаткичлар ва вазифаларга эришиш борасидаги ҳуқуқий, иқтисодий, ижтимоий, ташкилий-техник чора-тадбирларни назарда тутувчи ҳаракатлар режасини тақдим этиши назарда тутилди.
Бу ислоҳотлар Конституция ва миллий қонунчилигимиз негизига қурилган миллий давлатчилигимизнинг барқарорлиги таъминлаб, унинг халқ иродаси ва манфаатлари асосида қурилган пойдевори янада мустаҳкамлади. Шунингдек, давлат бошқарувининг янада самарали модели татбиқ этилишига янги ҳуқуқий замин яратилиши халқ фаровонлиги юксалиши ҳамда юртимизнинг халқаро майдондаги нуфузини ортишига ҳам хизмат қилди.
Хулоса қилиб айтганда, ўзаро тийиб туриш ва манфаатлар мувозанати асосида хокимиятлар бўлиниши тамойили демократик давлатнинг энг асосий белгиси бўлиб, бу давлатнинг ривожланишига ҳизмат қилади.
Олтиариқ тумани Адлия бўлими
Юридик хизмат кўрсатиш маркази
бош юрисконсульти О.А.Абдуқаххоров