Шрифт ўлчами Ранг Расм

Ижтимоий тармоқлар

<< Noyabr 2024 >>
DUSECHPAJUSHYA
    123
45678910
11121314151617
18192021222324
252627282930 

Янгиликларга обуна бўлиш


Хозир сайтда 15 нафар фойдаланувчи Ишонч телефони статистикаси

ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИДА НАЗАРДА ТУТИЛГАН АДОЛАТ ВА ҚОНУН УСТУВОРЛИГИНИ ТАЪМИНЛАШГА ДОИР ВАЗИФАЛАР

×

 2023-09-22 15:00:54    333

PDF юклаш
Чоп этиш


“Янги Ўзбекистонни барпо этиш – у шунчаки хоҳиш-истак, субъектив ҳодиса эмас, балки туб тарихий асосларга эга бўлган, мамлакатимиздаги мавжуд сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маърифий вазиятнинг ўзи тақозо этаётган, халқимизнинг асрий орзу-интилишларига мос, унинг миллий манфаатларига тўла жавоб берадиган объектив заруратдир”.

Ш.М.Мирзиёев.

Охирги йиллар давомида амалга оширилган ислоҳотлар натижасида мамлакатимизда Янги Ўзбекистонни барпо этишнинг зарур сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий ва илмий-маърифий асослари яратилди.

Эндиликда, босиб ўтилган йўл ва орттирилган тажрибалар, эришилган ютуқ ва камчиликларни чуқур таҳлил қилиш орқали «Инсон қадри учун» тамойилига асосланган ҳолда аҳоли фаровонлигини таъминлаш, демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш, мамлакат тараққиётини жадаллаштиришнинг муҳим устуворликлари ҳамда аниқ марраларини белгилаш вазифаси олдимизда турибди.

Мазкур вазифаларни амалга ошириш мақсадида «Ҳаракатлар стратегиясидан — Тараққиёт стратегияси сари» тамойилига асосан ишлаб чиқилган ҳамда Ҳаракатлар стратегиясининг мантиқий давоми сифатида «2022 — 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси қабул қилинди.

Авваламбор, «Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси», деган номнинг мазмун-моҳиятига мухтасар тўхталамиз. Зеро, бу номнинг келиб чиқиши, фикримизча, бир қатор муҳим омилларга бориб тақалади.

Ушбу ном Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси — Ҳаракатлар стратегиясининг мантиқий давоми эканини англатади. Агар Ҳаракатлар стратегиясида 5 та устувор йўналиш белгилаб олинган бўлса, Тараққиёт стратегиясида ҳам ушбу устувор йўналишлар давомийлиги сақлаб қолинган.

Шу билан бир қаторда, тараққиёт ўзгаришларининг ян­ги тарихий босқичда давом эт­тирилиши кўзда тутилган ҳолда, Тараққиёт стратегиясига 2 та янги устувор йўналиш қўшиляпти. Булардан бири — маънавий тараққиётни таъминлаш билан боғлиқ бўлса, иккинчиси — Ўзбекистоннинг дунёда юз бераётган глобал муаммоларга муносабати негизида белгиланган янги устувор йўналишдир.

Шундай қилиб, Янги Ўзбекистоннинг 2022-2026 йилларга мўл­жалланган тараққиёт стратегиясида қуйидаги еттита устувор йўналиш назарда тутилган:

биринчи устувор йўналиш — инсон қадрини юксалтириш ва эркин фуқаролик жамиятини янада ривожлантириш орқали халқпарвар давлат барпо этиш;

иккинчи устувор йўналиш — мамлакатимизда адолат ва қонун устуворлиги тамойилларини та­раққиётнинг энг асосий ва зарур шартига айлантириш;

учинчи устувор йўналиш — миллий иқтисодиётни ривожлантириш, унинг ўсиш суръатларини замон талаблари даражасида таъминлаш;

тўртинчи устувор йўналиш — адолатли ижтимоий сиёсат юритиш, инсон капиталини ривожлантириш;

бешинчи устувор йўналиш — маънавий тараққиётни таъминлаш, ушбу соҳани тубдан ислоҳ этиш ва янги босқичга олиб чиқиш;

олтинчи устувор йўналиш — умумбашарий муаммоларга миллий манфаатлардан келиб чиққан ҳолда ечим топиш;

еттинчи устувор йўналиш — мамлакатимиз хавфсизлиги ва мудофаа салоҳиятини кучайтириш, очиқ ва прагматик, фаол ташқи сиёсат олиб бориш.

Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясида «Ҳаракатлар стратегиясидан — Тараққиёт стратегияси сари» тамойили илгари сурилаётгани бежиз эмас. Чунки аввало, Ҳаракатлар стратегиясидаги ҳар бир йўналишни тараққиётнинг янги босқичида мантиқий ва изчил асосда ривожлантириш ҳамда янги устувор йўналишларда муҳим натижаларга эришиш кўзда тутилмоқда.

Ҳаракатлар стратегиясидан фарқли ўлароқ, Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини муҳокама қилиш жараёнида аҳолининг катта қисми фаол иштирок этди. Бу эса, Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясининг янада халқчил бўлишини таъминлади.

Тараққиёт стратегияси мамлакатимизда кейинги йиллар давомида амалга ошириладиган ислоҳотлар учун дастуриламал вазифасини бажариб беради. Унда мамлакатимизда адолат ва қонун устуворлиги тамойилларини тараққиётнинг энг асосий ва зарур шартига айлантириш энг устувор йўналишлардан бири сифатида белгиланган. Бунинг учун бир нечта зарур мақсадлар назарда тутилган.

Жумладан, мулкий ҳуқуқларнинг дахлсизлигини ишончли ҳимоя қилиш ҳамда давлат органларининг мулкий муносабатларга ноқонуний аралашувини чеклаш мақсади белгиланган бўлиб, ушбу мақсадга хусусий мулк дахлсизлиги ва ҳимояси кафолатларини кучайтириш, мулкий, шу жумладан ер участкасига бўлган ҳуқуқларни сўзсиз таъминлаш, хусусий мулк устуворлигини асосий тамойил сифатида белгилаш, давлат идорасининг расмий маълумотига ишониб мол-мулк сотиб олган шахснинг ҳуқуқини ҳимоя қилиш тизимини жорий этиш орқали эришиш мумкин.

Шунингдек, ушбу мақсад йўлида фуқароларни яшаш жойи бўйича ҳисобга олиш тизимини янада соддалаштириш ва аҳолига қўшимча қулайликлар яратиш, бошланган ислоҳотларни якунига етказиш, жиноят, жиноят-процессуал ва жиноят ижроия қонунчилигини такомиллаштириш сиёсатини изчил давом эттириш, жиноий жазолар ва уларни ижро этиш тизимига инсонпарварлик тамойилини кенг жорий этиш, ушбу йўналишда махсус қонун қабул қилиш, ювенал адлия тизимини шакллантириш ҳамда бола ҳуқуқлари қонунчилигини кодификациялаш белгиланган.

Яна бир асосий мақсад суд ва бошқа органлар ҳужжатларининг ўз вақтида ва тўлиқ ижросини таъминлаш, суд ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этишнинг самарали механизмларини жорий этиш, суд ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этишнинг муқобил, суддан ташқари усулларидан фойдаланиш кўламини кенгайтириш билан боғлиқдир.

Умуман, Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида белгиланган мақсад ва вазифалар мамлакатимизда адолат ва қонун устуворлигига асосланган демократик ҳуқуқий давлат барпо этиш, фуқароларимизнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданияти юксалтириш, тадбиркорлик фаолияти учун қўшимча ҳуқуқий кафолатларни белгилашга ва энг асосийси, юртимизда адолат ва қонун устуворлигини таъминлаш орқали «Инсон қадри учун» тамойилини тўлақонли рўёбга чиқаришга хизмат қилади.

Хулоса қилиб айтганда, Янги Ўзбекистонда мутлақо янги миллий ҳуқуқий тизим шаклланмоқда. Яъни «Инсон, унинг ҳуқуқлари, эркинликлари, айниқса, қадри — энг муҳим қадрият» деган тамойил эътироф этилмоқда. Энг асосийси: Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясида йиллар давомида амал қилиб келган «давлат — жамият — инсон» тамойили «инсон — жамият — давлат» тамойилига ўзгартирилмоқда. Тараққиёт стратегиясининг тасдиқланиши ва муваффақиятли амалга оширилиши Ўзбекистонда демократик ҳуқуқий давлат барпо этиш ҳам­да эркин фуқаролик жамиятини ривожлантириш орқали инсон қадрини улуғлашга қаратилган улкан мақсад ва вазифаларимизга эришиш имконини беради.

 

Олтиариқ тумани адлия бўлими

Юридик хизмат кўрсатиш маркази

бош юрисконсульти А.Пармонов