Юридик ва жисмоний шахслар томонидан веб сайт орқали бўлган мурожаатлар
Жами мурожаатлар: 38Ишонч телефони статистикаси
«ДАВЛАТ БОЖИ ТЎҒРИСИДА»ГИ ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ҚОНУНИГА ЎЗГАРТИРИШ ВА ҚЎШИМЧАЛАР КИРИТИЛДИ
2023-07-03 17:30:58 195
Кейинги йилларда мамлакатимизда телекоммуникациялар соҳасида тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун қулай шарт-шароитлар яратилди. Хусусан, ўтган даврда телекоммуникациялар тармоқларини лойиҳалаштириш, қуриш, улардан фойдаланиш ва уларнинг хизматларини кўрсатиш бўйича фаолиятни амалга оширишга доир лицензия бериш тартиби соддалаштирилди. Лицензия берганлик учун йиғимлар ва давлат божи тўловларини ягона биллинг тизими орқали амалга ошириш тартиби белгиланди.
Бироқ ўзининг мустақил алоқа тармоғига эга бўлмаган ва уяли алоқа операторларида мавжуд бўлган алоқа тармоқлари орқали радиотелефон (уяли) алоқа хизматларини кўрсатувчи уяли алоқа виртуал операторларига (провайдерларга) лицензиялар берганлик учун давлат божи ставкаларининг алоҳида миқдорлари мавжуд эмаслиги, шунингдек телерадиоэшиттиришларни тарқатиш (намойиш қилиш) тармоқларини лойиҳалаштириш, қуриш, улардан фойдаланиш ва уларнинг хизматларини кўрсатишга доир лицензия учун белгиланган йиллик давлат божларининг миқдори юқорилиги ҳамда давлат божини тўлашнинг амалдаги тартиби мураккаблиги мазкур соҳалардаги тадбиркорлик фаолияти янада ривожлантирилишини чеклаб қўймоқда.
Мазкур Қонун билан «Давлат божи тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига уяли алоқа виртуал операторлари (провайдерлар) томонидан кўчма радиотелефон (уяли) алоқа тармоқлари хизматларини кўрсатишга доир лицензиялар берганлик учун давлат божининг миқдори мақбуллаштирилишини, шунингдек телерадиоэшиттиришларни тарқатиш (намойиш қилиш) тармоқларини лойиҳалаштириш, қуриш, улардан фойдаланиш ва уларнинг хизматларини кўрсатишга доир лицензия берганлик учун давлат божининг миқдори камайтирилишини ҳамда уни йил давомида бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти яратилишини назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Ушбу Қонун телекоммуникациялар соҳасидаги, хусусан, кўчма радиотелефон (уяли) алоқа тармоқлари хизматларини кўрсатиш ва телерадиоэшиттиришларни тарқатиш (намойиш қилиш) соҳасидаги фаолиятни амалга ошираётган тадбиркорлик субъектларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга, телекоммуникация тармоқларининг модернизация қилинишига, шунингдек телекоммуникациялар соҳасидаги рақобатни кучайтиришга хизмат қилади.