Шрифт ўлчами Ранг Расм

Ижтимоий тармоқлар

<< Noyabr 2024 >>
DUSECHPAJUSHYA
    123
45678910
11121314151617
18192021222324
252627282930 

Янгиликларга обуна бўлиш


Хозир сайтда 7 нафар фойдаланувчи Ишонч телефони статистикаси

ҲУҚУҚИЙ ОНГ ВА ҲУҚУҚИЙ МАДАНИЯТНИ ОШИРИШ ДАВР ТАЛАБИ

×

 2023-06-14 15:56:46    226

PDF юклаш
Чоп этиш


Ҳуқуқ ва давлат узвий бир-бирига боғлиқ нарса, ҳар иккиси ҳам фуқаро учун ҳизмат қилиши лозим.

Френсис Бекон.

 

Бугунги Ўзбекистоннинг стратегик мақсади қилиб қўйилган ҳар томонлама ривожланган, эркин ва фаровон, қонун устувор бўлган, замонавий демократик давлатлар қаторига қўшилиш учун мамлакатимизда барча соҳаларда мисли кўрилмаган даражада ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Жумладан, миллий ҳуқуқ тизимида сўнгги йилларда кўлами ва моҳияти нуқтаи назаридан ислоҳотларнинг янги даври бошланди. Инсон ҳуқуқ ва эркинликларини, унинг қонуний манфаатларини амалда таъминлашга нисбатан муносабатни тубдан ўзгартириш тизимдаги ислоҳотларнинг бош ғоясига айланди.

Жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириб бориш қонун устуворлигини таъминлаш ва қонунийликни мустаҳкамлашнинг энг муҳим шартларидан бири ҳисобланади.

Сўнгги йилларда миллий ҳуқуқ тизимини тубдан ислоҳ қилиш, жамиятда ҳуқуқий маданиятни шакллантириш ҳамда малакали юридик кадрларни тайёрлаш борасида сезиларли ишлар амалга оширилди.

Шу билан бирга, инсон ҳуқуқ ва эркинликларига ҳурмат муносабатини шакллантиришга, аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга, жамиятда фуқароларнинг ҳуқуқий саводхонлиги даражасини оширишга тўсқинлик қилувчи бир қатор муаммо ва камчиликлар сақланиб қолинмоқда.

Хусусан, ҳуқуқий маданиятни юксалтиришда, энг аввало, ҳуқуқий таълим ва тарбия борасидаги ишлар тизимли ва узвий олиб борилмаяпти. Узоқ йиллар давомида бу масала ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва айрим давлат органларининг иши сифатида қараб келиниб, бунда оила, маҳалла ва фуқаролик жамияти бошқа институтларининг иштироки етарлича таъминланмади.

Ёшларнинг ҳуқуқий тарбиясига салбий таъсир кўрсатувчи омилларга нисбатан ҳуқуқий иммунитетни шакллантириш, ҳар бир шахсда қонунларга ва одоб-ахлоқ қоидаларига ҳурмат, миллий қадриятларга садоқат, ҳуқуқбузарликларга нисбатан муросасизлик ҳиссини уйғотиш ишига комплекс тарзда ёндашилмади.

Аҳолининг ҳуқуқий билимларини оширишга доир вазифаларнинг умумий тусда белгиланганлиги ҳамда уларни амалга оширишнинг аниқ таъсирчан механизми мавжуд эмаслиги жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш борасидаги ишларнинг самарасиз олиб борилаётганлигини кўрсатади.

Юқоридаги муаммоларни комплекс бартараф этиш мақсадада, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг 2019 йил 9 январдаги “Жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида” ги ПФ-5618-сонли фармони қабул қилиниб, унга кўра «Юксак ҳуқуқий маданият — мамлакат тараққиёти кафолати» деган концептуал ғоя асосида аҳолининг барча қатламлари ҳуқуқий саводхонликка эришишлари, юксак даражадаги ҳуқуқий онгга эга бўлишлари ҳамда ҳуқуқий билимларини кундалик ҳаётда қўллай олишлари учун тизимли ва кенг қамровли ҳуқуқий тарғибот тадбирларини ташкил қилиш давлат органлари ва ташкилотларнинг устувор вазифаларидан бири этиб белгиланди.

Мазкур фармонга кўра, жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтиришда, энг аввало, таълим-тарбиянинг тизимли ва узвий равишда олиб борилишига алоҳида эътибор қаратиш, мактабгача таълим тизимидан бошлаб, аҳолининг барча қатламларига ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни чуқур сингдириш, шахсий манфаатлар ҳамда жамият манфаатлари ўртасидаги мувозанатни сақлаш ғояларини кенг тарғиб қилиш, ёш авлод онгига ҳуқуқ ва бурч, ҳалоллик ва поклик тушунчаларини ҳамда одоб-ахлоқ нормаларини чуқур сингдириб бориш, Конституциянинг муҳим жиҳатларини уларга болалигидан бошлаб ўргатиш, аҳоли ўртасида ҳуқуқий маданиятни шакллантириш бўйича ҳуқуқий-маърифий тадбирларни халқимиз тарихи, дини, миллий қадриятларини ўргатиш билан уйғун ҳолда ташкил қилиш, шунингдек, ҳар бир фуқарода давлат рамзлари билан фахрланиш туйғуларини шакллантириш орқали мамлакатга дахлдорлик, ватанпарварлик ҳиссини кучайтириш, давлат хизматчиларининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириб бориш, уларда коррупция ва бошқа ҳуқуқбузарликларга нисбатан муросасизлик муносабатини шакллантириш, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, шу жумладан, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамда фуқаролик жамияти институтларининг манзилли ҳуқуқий тарғиботни амалга ошириш борасидаги ўзаро ҳамкорлигини мустаҳкамлаш, жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни оширишга доир тадбирларни ташкил этишда ижтимоий шериклик принципларидан кенг ва унумли фойдаланишни тизимли асосда йўлга қўйиш, шунингдек оммавий ахборот воситаларининг ҳуқуқий ахборот билан таъминлашдаги ролини ошириш, ҳуқуқий тарғиботнинг инновацион усулларидан кенг фойдаланиш, шу жумладан, веб-технологияларни қўллашни кенгайтириш каби бир қатор вазифала белгиланди. Қисқа айтганда, жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш «шахс — оила — маҳалла — таълим муассасаси — ташкилот — жамият» принципи бўйича тизимли ва узвий ташкил этиш бўйича концепция ишлаб чиқилди.

Юқорида белгиланган ислоҳотларнинг узвий давоми сифатида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 13 декабрдаги “Конституция ва қонун устуворлигини таъминлаш, бу борада жамоатчилик назоратини кучайтириш ҳамда жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ги ПҚ-4551сонли қарори қабул қилиниб, мазкур қарорга асосан жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш борасидаги ишларни янги босқичга кўтариш, ҳуқуқий ахборотни замонавий усуллар орқали кенг оммага етказиш, ҳар бир фуқаро ва мансабдор шахсларда Конституция ва қонунларга ҳурмат ҳиссини шакллантириш, Конституция ва қонун устуворлигига эришишда давлат идоралари фаолияти устидан жамоатчилик назорати механизмларини такомиллаштириш, мустақил ва холис оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаш, фуқаролик жамияти институтларини янада ривожлантириш, одил судлов тизимини янада такомиллаштириш, суд ҳокимиятининг обрўсини ошириш ва чинакам мустақиллигини таъминлаш, давлат ва жамият бошқарувида, давлат органларининг кундалик фаолиятида очиқлик ва ошкоралик тамойилларини кучайтириш, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларни халқ манфаати йўлида хизмат қиладиган идораларга айлантириш каби вазифалар белгиланди.

 Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг ўнинчи боби инсон ҳуқуқлари ва эркинликларининг кафолатларига бағишланган бўлиб, 54-моддада давлат фуқароларнинг Конституция ва қонунларда мустаҳкамланган ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаши, 55-моддада эса ҳар бир шахсга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органлари, мансабдор шахслар, жамоат бирлашмаларининг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатланиши белгилаб берилган. Демакки, ҳар бир фуқаро, ҳар бир инсон ўз ҳақ-ҳуқуқини яхши билиши ва уни ҳимоя қила олиши зарур. Бунда давлатнинг асосий вазифаларидан бири фуқароларнинг ҳуқуқий маданияти, ҳуқуқий онги, ҳуқуқий билимларини ривожлантиришлари учун шартшароитлар яратишдир. 

Хулоса қилиб айтганда, давлатимиз томонидан фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини оширишга қаратилган бир қатор фармон ва қарорларнинг пировад мақсади юқорида айтилганидек, фуқароларнинг ҳуқуқий маданияти, ҳуқуқий онги, ҳуқуқий билимларини ривожлантиришлари учун шартшароитлар яратишдир. Фуқаролар эса бунга жавоб сифатида ўзларининг юксак ҳуқуқий маданиятлари билан Ўзбекистон ҳар тарафлама ривожланишига ва дунёнинг ҳуқуқ бўйича рейтинг кўрсаткичларида юқори ўринларда юришига муносиб ҳисса қўшиши лозим.

Олтиариқ тумани Адлия бўлими

Юридик хизмат кўрсатиш маркази

бош юрисконсульти О.А.Абдуқаххоров