Шрифт ўлчами Ранг Расм

Ижтимоий тармоқлар

<< Noyabr 2024 >>
DUSECHPAJUSHYA
    123
45678910
11121314151617
18192021222324
252627282930 

Янгиликларга обуна бўлиш


Хозир сайтда 19 нафар фойдаланувчи Ишонч телефони статистикаси

“ВОЯГА ЕТМАГАН БОЛАЛАРНИНГ ҲУҚУҚИ”

×

 2023-06-08 14:23:46    204

PDF юклаш
Чоп этиш



Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига кўра, оила жамиятнинг асосий бўғинидир ҳамда у жамият ва давлат муҳофазасидадир.

Давлат оиланинг тўлақонли ривожланиши учун ижтимоий, иқтисодий, ҳуқуқий ва бошқа шарт-шароитлар яратади.

Ота-оналар ва уларнинг ўрнини босувчи шахслар ўз фарзандларини вояга етгунига қадар боқиши, уларнинг тарбияси, таълим олиши, соғлом, тўлақонли ва ҳар томонлама камол топиши хусусида ғамхўрлик қилишга мажбурдирлар.

Жамиятда оила мавжуд экан, албатта ушбу оилада бобо, буви ота-она, фарзандлар бўлади ҳамда барча оила аъзоларнинг биргаликда яшаши уларнинг бир-бирларига меҳри зиёда бўлишига сабаб бўлади.

Ўзбекистон Республикасида оилани, оилани аъзоларини муҳофаза қилиш бўйича кўплаб қонун хужжатлари қабул қилинган бўлиб, шубҳасиз ушбу қонунлар қаторида Оила кодекси муҳим ўринни эгаллайди.

1998 йилда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг, умуман оила тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг вазифалари оилани мустаҳкамлашдан, оилавий муносабатларни ўзаро муҳаббат, ишонч ва ҳурмат, ҳамжиҳатлик, бир-бирига ёрдам бериш ҳамда оила олдида унинг барча аъзоларининг масъуллиги ҳисси асосида қуришдан, бирон-бир шахснинг оила масалаларига ўзбошимчалик билан аралашишига йўл қўймасликдан, оила аъзолари ўз ҳуқуқларини тўсқинликсиз амалга оширишини ҳамда бу ҳуқуқларнинг ҳимоя қилинишини таъминлашдан иборатдир.

Лекин шундай ҳолатлар борки, оилада айрим ҳолатларда ота-онанинг ўзаро келишмовчилиги, бир-бирини тушунишни истамаслиги, бир-бирларига бўлган ижобий бўлмаган муносабатлар оиланинг бошқа аъзоларига ҳам ўзининг салбий таъсирини кўрсатмасдан қолмайди.

Ушбу ҳолатда ҳар икки тарафдан бири ёки вояга етмаганларнинг ҳуқуқини ҳимоя қилиш зиммасига юклатилган давлат органи судга тегишли даъво ариза билан мурожаат қилишга хақли.

Жумладан, ота-она алоҳида яшаганда, қонуний никоҳдан ўтмасдан бошқа турмуш қурганда, ота-онадан бири вафот этганда ва бошқа ҳолатларда вояга етмаган болаларнинг ким билан бирга яшаши, кимнинг тарбиясида бўлиши, болаларнинг яқин қариндошлари билан кўришиб туриши каби ҳолатлар ҳозирги кундаги долзарб мавзулардан биридир.

Оила кодексининг 75-моддасига кўра, ота-она алоҳида яшаганда болаларнинг қаерда яшаши ота-онанинг келишувига биноан белгиланади. Ота-она ўртасида келишув бўлмаса, низо суд томонидан болалар манфаатларидан келиб чиқиб, уларнинг фикрини ҳисобга олган ҳолда ҳал этилади. Бунда суд, боланинг ота-онадан, ака-ука, опа-сингилларидан қайси бирига боғланиб қолганлигини, боланинг ёшини, ота-онасининг ахлоқий ва бошқа шахсий фазилатларини, ота-онанинг ҳар бири билан бола ўртасидаги муносабатларни, болани тарбиялаш ва унинг камолоти учун шарт-шароитлар (ота-онасининг машғулот тури, иш тартиби, моддий ҳамда оилавий аҳволи ва бошқалар) яратиш имкониятини ҳисобга олади.

Ушбу ҳолатда суд томонидан болани ким бирга яшаши, кимнинг қарамоғига олиб берилиши, бола билан кўришиб туриш тартибини белгилаши, ҳар қандай ҳолатда ҳам вояга етмаган боланинг манфаатидан келиб чиққан ҳолда, бобо-буви, ота-она ва бошқа яқин қариндошларнинг қонуний манфаатларини бузмасдан, адолат ва қонунийлик нуқтаи назаридан келиб чиқиб қарор қабул қилиши ўта мураккаб вазифа ҳисобланади.

Амалиётда вояга етмаган болаларнинг онага олиб берилиши кўп учраб турадиган ҳолат ҳисобланади. Албатта ушбу ҳолатда бола туғилгандан бошлаб онанинг қарамоғида бўлиши, боланинг асосий эҳтиёжларини кўпроқ она билиши, она табиатан меҳрибон эканлиги, боланинг кийими, овқатланиши ва бошқа яшаш учун зарур бўлган эҳтиёжларини кўпроқ она қондириши ҳам асосий сабаблардан бўлиши мумкин.

Оила кодексининг 8-моддасидан кўринишича, қонун ҳужжатларида оилавий муносабатларни тартибга солишга оид тегишли нормалар бўлмаган тақдирда, Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатлари тамойилларига зид бўлмаган маҳаллий урф-одат ва анъаналар қўлланилади.

Атоқли аллома Бурҳонуддин Марғинонийнинг “Ҳидоя” асарини “Фарзандни қарамоққа олиш ва бу ишга ким хақлироқ экани тўғрисида”ги боб мазмунидан кўринишича, агар эр-хотин ўртасида ажралиш содир бўлса, болани олишга онаси хақлироқдир. Чунки она болага отасидан кўра меҳр-шафқатлироқ ва ғамхўрлик қилишга қодирроқ бўлади. Шунинг учун болани онага бериш афзалдир.  

  Ўзбекистон Республикаси Олий суд Пленумининг “Болалар тарбияси билан боғлиқ низоларни ҳал қилишда судлар томонидан қонунларни қўллаш амалиёти тўғрисида”ги Қарорида ҳам суд бошқа-бошқа турадиган ота-оналар ўртасида бўлган уларнинг қайси бири билан қайси боласи яшаш учун қолиши тўғрисидаги низоларни ҳал этишда Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 71-моддасида белгиланган ота ва онанинг ҳуқуқ ва мажбуриятларининг тенглигига асосланган ҳолда, вояга етмаган болаларнинг манфаатларига ва хоҳишларига мос келадиган ҳал қилув қарори қабул қилиши лозимлиги, бунда суд ота-онадан бирининг моддий-маиший аҳволи устунлигининг ўзи болани унга олиб бериш учун асос бўла оладиган шарт ҳисобланмаслиги, боланинг ота-онадан, ака-ука, опа-сингилларидан қайси бирига боғланиб қолганлигини, ота-онадан қайси бири болаларига нисбатан кўпроқ ғамхўрлик ва эътибор кўрсатаётганлиги, болаларнинг ёшини ва ота-онадан қайси бирига кўнгил қўйганлиги, ота-онанинг ахлоқий ва бошқа шахсий фазилатларини, ота-онанинг ҳар бири билан бола ўртасидаги муносабатларни, болани тарбиялаш ва унинг камолоти учун шарт-шароитлар (ота-онасининг маълумот тури, иш тартиби, моддий ҳамда оилавий аҳволи ва бошқалар) яратиш имкониятини эътиборга олиши кўрсатиб ўтилган.

 

Фарғона вилоят судининг судьяси                                     Н.Эгамов