Юридик ва жисмоний шахслар томонидан веб сайт орқали бўлган мурожаатлар
Жами мурожаатлар: 38Ишонч телефони статистикаси
УНДИРИЛМАЁТГАН АЛИМЕНТ МИҚДОРЛАРИ КАМАЙТИРИЛМАЙДИ.
2023-06-08 14:17:23 223
Фарғона вилоят судининг фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатида 2023 йил 29 майда жавобгар Р.Мадалиеванинг апелляция шикояти кўрилди.
Аниқланишича, фуқаролик ишлари бўйича Ўзбекистон туманлараро судининг ҳал қилув қарори билан даъвогар Ғ.Ғаниевнинг даъво талаби қаноатлантирилиб, суднинг 2019 йил 24 сентярбдаги суд буйруғи бўйича Толибжон исмли фарзандига ундирилаётган алиментнинг миқдори 1/6 қисмга, Гўёхон исмли фарзандига ундирилаётган алимент миқдори 1/6 қисмга, Собиржон исмли фарзандига ундирилаётган алимент миқдори 1/6 қисмга камайтирилган.
Маълумки, Ўзбекистон Республикасининг Оила кодекси 115-моддасига кўра, бошқа-бошқа ота-онадан туғилган вояга етмаган болалар учун суднинг бир неча ҳал қилув қарорларига асосан бир ота (она)дан ундирилаётган алиментнинг умумий миқдори ушбу Кодекснинг 99-моддасида назарда тутилган миқдордан ошиб кетса, алимент тўловчи ота (она) алимент тўлаш ҳақидаги суднинг ҳал қилув қарори ёки суд буйруғи кимнинг фойдасига чиққан бўлса, ўша шахсларнинг ҳар бирига нисбатан алиментнинг миқдорини тегишинча камайтириш тўғрисида даъво тақдим этиши мумкин.
Бироқ, биринчи инстанция судида Оила кодексининг 115-моддаси талабида, алимент миқдорини камайтириш айнан ундирилаётган алимент миқдорига нисбатан назарда тутилганлиги ўрганилмаган.
Апелляция инстанцияси судида аниқланишича, Мажбурий ижро бюроси Ўзбекистон туман бўлимининг 2022 йил 12 ва 13 декабрдаги қарорлари билан фуқаролик ишлари бўйича Ўзбекистон туманлараро судининг 2022 йил 19 ноябрдаги ижро ҳужжатлари ундирувчи томонидан қайтариб олинганлиги сабабли ижро ишлари Ўзбекистон Республикасининг Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисидаги Қонунининг 40-моддаси 1-бандига асосан тамомланган.
Ушбу ҳолатда мазкур суд буйруқлари бўйича алиментлар ундирилаётган ҳисобланмасада, ягона ижро ҳаракатида бўлган Р.Мадалиевани фойдасига ундирилаётган алимент миқдори камайтирилиб, боланинг қонуний манфаатлари бузилган.
Апелляция инстанцияси томонидан, алиментни камайтириш ҳақидаги суд қарори бекор қилиниб, Р.Мадалиеванинг алимент миқдори дастлабки миқдорига қайтарилиб, она ва боланинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатлари тикланни.
Фарғона вилоят
судининг судьяси
Б.Аброров