Юридик ва жисмоний шахслар томонидан веб сайт орқали бўлган мурожаатлар
Жами мурожаатлар: 38Ишонч телефони статистикаси
ҚОНУНЧИЛИКДАГИ ЯНГИЛИКЛАР
2023-05-25 12:15:16 220
Ўзбекистон Республикасининг «Хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги ЎРҚ-829-сон Қонуни қабул қилинди. Ушбу қонун билан Хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш тизими янада такомиллаштирилди.
Ушбу Қонунга асосан, Оилавий (маиший) зўравонлик учун жиноий жавобгарлик белгиланди.
Хотинига (эрига), собиқ хотинига (собиқ эрига), бир рўзғор асосида биргаликда яшаётган шахсга, умумий фарзандга эга бўлган шахсга ўз ҳуқуқларини амалга оширишида тўсқинлик қилиш, шахсий нарсаларига қасддан шикаст етказиш, шаъни ва қадр-қимматини таҳқирлаш, қўрқитиш, яқин қариндошларидан ажратиб қўйиш учун қуйидаги жавобгарлик белгиланди:
– БҲМнинг 10 бараваридан 20 бараваригача жарима ёки 10 суткагача маъмурий қамоқ. Уларни дўппослаш эса 15 суткагача муддатга маъмурий қамоққа сабаб бўлади.
Мазкур ҳаракатлар маъмурий жазо қўлланилганидан кейин такрор содир этилса жиноий жавобгарликка сабаб бўлади. Жавобгарлик – БҲМнинг 20 бараваридан 30 бараваригача жаримадан бошланиб 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишларигача.
Юқоридаги шахсларни дўппослаш, уларга тан жароҳати етказиш
2 йилдан 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши мумкин.
Оилавий зўравонлик оғирлаштирувчи ҳолатларда содир этилса (масалан, ҳомиладорга, ўта шафқатсизлик билан, икки ёки ундан ортиқ шахсга ва ҳк. шикаст етказиш), жиддий оқибатларни келтириб чиқарса (масалан, кўриш, сўзлаш қобилиятини йўқотиш, ўлим), 3 йилдан 12 йилгача озодликдан маҳрум қилишга сабаб бўлади.
Илгари мазкур ҳаракатлар учун умумий моддаларга (баданга шикаст етказиш) асосан жавобгарликка тортилган.
2. Шилқимлик қилиш учун маъмурий жавобгарлик белгиланди.
Унга кўра, шахсга номақбул ҳамда унинг шаъни ва қадр-қимматини таҳқирлайдиган, ташқи қиёфасини ёки қадди-қоматини тавсифлашда, имо-ишора қилишда, тегинишда, чақиришда ифодаланган, шаҳвоний хусусиятга эга ҳаракатларни содир этиш БҲМнинг 2 бараваридан 5 бараваригача жарима солишга ёки 5 суткагача маъмурий қамоққа сабаб бўлади.
Илгари мазкур ҳаракатлар учун жавобгарлик белгиланмаган.
3. Алимент тўламаган шахс мажбуран ишлатилиб, пули болалари таъминотига йўналтирилади.
Ҳақ тўланадиган жамоат ишларига мажбурий равишда жалб этиш жазоси киритилди. У судлар томонидан 8 соатдан 240 соатгача муддатга тайинланади.
Маълумки, алимент қарздорлиги жиддий муаммога айланган. Алимент тўламай юрган шахсларни 15 суткага қамаш ёки жаримага тортиш мумкин. Бироқ аксарият ҳолларда бундан алимент олувчига умуман наф йўқ.
Аксинча, қамоққа олинган алимент тўловчи 15 сутка ишлаб пул топиш имкониятидан маҳрум бўлади, жарима жазоси эса унинг аҳволини янада оғирлаштиради.
Энди улар мажбурий жамоат ишларига ҳам жалб этилади ва иш ҳақининг тенг ярми алиментга ушлаб қолинади.
3. Аёл кишини “аборт” қилишга мажбурлаганлик учун жавобгарлик кучайтирилди.
Аёлни абортга мажбурлаш учун жавобгарликнинг қуйи чегараси – БҲМнинг 100 бараваридан 200 бараваригача жаримадан бошланиб юқори чегараси – 2 йилдан 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланиши белгиланди.
Илгари жавобгарлик БҲМнинг 50 бараваригача жаримадан 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишларигача эди.
4. Жинсий жиноят содир этган шахслар таълим-тарбия ташкилотларида ишлаши тақиқланди.
Қасддан одам ўлдирган, 18 ёшга тўлмаган шахс номусига теккан, жинсий эҳтиёжни ғайритабиий усулда қондирган, уларга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар қилган, вояга етмаган шахс тавсифланган ёки тасвирланган порнографик маҳсулотлар билан муомала қилган, терроризм учун жавобгарликка тортилган шахслар таълим, тарбия, болалар соғломлаштириш, спорт ва ижодий ташкилотларида ишлаши ҳамда болалар билан бевосита ишлашни назарда тутувчи фаолият турлари билан шуғулланиши тақиқланди.
Илгари мазкур чекловлар мавжуд бўлмаган.
Фарғона вилоят адлия бошқармаси бош маслаҳатчиси
Лазизбек АСҚАРОВ