Шрифт ўлчами Ранг Расм

Ижтимоий тармоқлар

<< Noyabr 2024 >>
DUSECHPAJUSHYA
    123
45678910
11121314151617
18192021222324
252627282930 

Янгиликларга обуна бўлиш


Хозир сайтда 38 нафар фойдаланувчи Ишонч телефони статистикаси

ЙЎЛЛАРНИНГ КЕНГ, РАВОН БЎЛИШИ АВТОТРАНСПОРТ ВА ФУҚАРОЛАР ҲАРАКАТИ УЧУН ҚУЛАЙЛИК ДЕМАКДИР!

×

 2022-07-19 11:38:03    214

PDF юклаш
Чоп этиш


Ҳа, Муқаддас Хадису-шарифларда ҳам, бугунги талаффузимизда ҳам йўл ва кўприк қурган савоб, дейилади. Аслида савобнинг тури кўп, ҳисоби йўқ. Айтайлик, йўлда турган тошни бир четга олиб қўйиш ҳам савоб. Чунки агар ўша тош автомашина баллонига кириб қолса қаердадир отилиб чиқиб кимгадир жароҳат ва ёки нимагадир жиддий зарар етказиши мумкин. Шу маънода юқорида таъкидлаганимиз, йўл қанчалик соз ва равон бўлса йўловчи ҳам, транспорт ҳаракати ҳам хавфсиз бўлади.


Фарғона вилоятининг Олтиариқ туманидаги йўллардан фойдаланиш унитар корхонаси меҳнат жамоасининг нияти ҳам транспорт ва пиёдаларнинг ҳаракати учун қулайлик яратишдан иборат. Корхона жамоаси манзилларга элтувчи йўлларни босқичма-босқич жорий таъмирдан чиқариш орқали аҳолининг узоғини  яқин, мушкулини осон қилиш мақсадида вақт билан ҳисоблашмай меҳнат қилишмоқда. 

Туманнинг кўплаб қишлоқларидаги йўллар инфратузилмаси узоқ йиллар давомида оғир ҳудуд саналиб, кўчалар ёзда чанг, қишда лой, ўнқир-чўнқир бўлиб, транспортлар ҳаракатланиши қийин кечган. Айниқса фуқароларнинг ишга, ўқувчиларнинг эса тупроқ кечиб мактабларга боришлари оддий ҳолга айланган эди. Эндиликда аҳолининг ҳаёт тарзи тамомила ўзгарди. Саратоннинг жазирамасида деймизми, қишнинг қирчиллама изғиринидами меҳнат қилаётган йўлсозлар қудратли техникалардан унумли фойдаланган ҳолда тор йўлларни кенгайтириб, асосий қисмига шағал тўкиб, асфальт ётқизиб, нотекис ҳудудларни равон ҳолга келтиришмоқда. Ана шундай хайрли ва савобли ишлари билан йўлсозлар олис маҳаллаларга ҳам янги ҳаёт нафасини олиб киришяпти.

- Корхонамизда йўл-транспорт инфратузилмасини ривожлантиришга катта эътибор қаратганмиз, - деди корхона директори Нодиржон Йўлдошев. - Чунки кундан-кунга ривожланиб бораётган мамлакатимизда замон талаблари даражасидаги йўлларни қуриш биз соҳа мутахассисларидан катта масъулият талаб қилмоқда. Қолаверса, бу масала шахсан мамлакатимиз раҳбари томонидан алоҳида эътиборга олинаётгани билан аҳамиятлидир.


Бугунги кунда туманимизда умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини замонавий талабларга мослаштириш ва техник параметрларини ошириш борасида бир талай ишларни амалга оширдик. Бу вазифаларни бажаришда бизга Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 9 декабрдаги “Ўзбекистон Республикаси йўл хўжалиги тизимини чуқур ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда. Фармонда йўл хўжалигини бошқаришнинг замонавий тузимини яратиш, назорат ва хўжалик функцияларини аниқ чегаралаш, йўл қурилишига замонавий инновацияларни кенг жорий қилиш мақсад қилиб қўйилган.

Фармон ижросини таъминлаш мақсадида корхонамизга янги, замонавий техникалар сотиб олдик ва шу орқали олдимизга қўйилган вазифаларни бажаришда дуч келган айрим муаммоларни бартараф қиляпмиз. Асосийси, ишимизда ҳамиша бўлганидек, сифатга алоҳида эътибор қаратамиз. Қурилиш ишлари устидан доимий равишда техник назорат ишлари амалга оширилиб, аниқланган камчиликлар ўз вақтида ва жойида бартараф қилиб борилади.

Корхона умум фойдаланишдаги 384 километр автомобиль йўлларида сақлаш, жорий таъмирлаш ва қишки қаров ишларини олиб боради. Шундан 105 километри давлат ва 279 километри маҳаллий аҳамиятдаги автомобиль йўллардир. Бундан ташқари 106 та автобекатлар, 64 та кўприк ҳамда 1127 та қувурларга ҳам хизмат кўрсатамиз.

Рақамлар ўжар бўлади, дейишади. Жорий йилнинг ўтган ойлари давомида давлат аҳамиятидаги автомобиль йўлларида корхона ишчи хизматчилари томонидан 878 млн 308 минг сўмдан ортиқ жорий таъмирлаш ишлари амалга оширилиб, бу борадаги сақлов режаси 877 млн 766 сўмга етказилди. Маҳаллий аҳамиятдаги автомобиль йўлларини жорий таъмирлаш ишлари 830 млн 164 минг сўмлик этиб бажарилди ёки 1 млрд 708 млн 472 минг сўмлик жорий таъмирлаш ва 2 млрд 387 млн 851 минг сўмлик сақлов ишлари бажарилди.

Ҳар қандай касб соҳиби ўзига бириктирилган вазифани сидқидилдан ва кўнгилдагидек, виждонан бажарса Яратган ҳам баракасини бераверар экан. Бундай дейишимизнинг боиси, йўлчиларнинг туманда амалга ошираётган ишларидан аҳоли беҳад хурсанд. Буни узоқ йиллар божхона органида хизмат қилиб, айни кунларда қарилик гаштини сураётган Катпут қишлоғида яшовчи полковник Боқижон ҳожи Абдубаннопов ҳам тасдиқладилар.

-Аҳолимиз йилдан-йилга кўпайяпти. Бу ҳар бир оиланинг ўз уйи, ватани бўлишини тақозо этади. Қишлоғимиздаги янги маҳаллаларга ёш оилалар кўчиб боряпти, элга-эл қўшиляпти. Ана шу маҳаллалардаги кўчаларни шағаллаштириш, асфальтлаш ишига туманимиздаги йўл қурилиши ташкилоти ходимлари катта ҳисса қўшишмоқда. Айниқса корхона раҳбари Нодиржондан қишлоғимиз халқи жуда миннатдор. Кейинги йилларда юриш учун анчайин муаммолар келтириб чиқараётган кўчаларимиз шағаллаштирилди. Энди асфальт ётқизиш чоралари кўриляпти. Бу ишларни бошида турган йўлчиларга, туман ҳокимлигига минг раҳмат. Барака топишсин.

Ҳар йили туманда ўтказиладиган ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш тадбирларида корхона жамоаси фаол иштирок этади. Жумладан, бу йил ҳам эрта баҳорда 440- ва 441-йўл бўлимлари тасарруфидаги давлат аҳамиятига эга умум фойдаланувидаги 4Р-112 “Фарғона халқаси” автомобиль йўлида жойлашган ер майдонига 30 минг туп, “Олтиариқ темир йўл бекатига бориш” автомобиль йўлидаги ер майдонига 11 минг тупдан ортиқ, “Хонобод-Солижонобод-Қизилтепа” автомобиль йўлининг 26-27 км.оралиғига 67 минг туп, Олтиариқ ТЙФУКси автомобиль йўллари ҳудудуга 108 минг тупдан ортиқ терак қаламчалари экилди.  

Корхонада келгусида автомобиль йўллари, кўприклар ҳамда йўл ўтказгичларини қуриш ва реконструкция қилиш, шунингдек объектларни жиҳозлаш ҳамда техникалар харид қилиш учун манзилли дастур ишлаб чиқилган. Шу тариқа туманда йўл-транспорт инфратузилмаси янада ривожлантирилиб, янгиланмоқда. Амалга оширилаётган мазкур ишлар албатта, аҳоли турмуш даражаси ва сифати яхшиланишига хизмат қилмоқда.

Зайлобиддин ЙИГИТАЛИЕВ,

журналист.


Бизни ижтимоий тармоқларда кузатинг
Facebook | Telegram | Telegram murojaat