Юридик ва жисмоний шахслар томонидан веб сайт орқали бўлган мурожаатлар
Жами мурожаатлар: 38Ишонч телефони статистикаси
ҚАПЧУҒАЙ БОҒЛАРИ ҲОСИЛГА КИРДИ
2022-07-05 08:51:41 203
Қапчуғай қир-адирларида янги ҳаёт нафаси уфуриб турибди. Ҳар қадамда ўзгариш, янгиликлар қулоч ёймоқда. Шу кунга қадар бу жойлар ҳеч нарса экилмаган қуруқ ер эди.
Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш борасида олиб борилаётган амалий ислоҳотлар натижасида минг гектар ерда ризқ-рўз манбаси пайдо бўлди. Янги қудуқлар ва ҳовузлар қазилиб, қир-адирларга оби-ҳаёт кириб борди. Яхши ниятда экилган кўчатлар туп олиб япроқ ёзди, сархил сабзавот экинлари ҳосилга кирди. Бу айтишга осон. Аммо унинг замирида ҳалол меҳнат, изланиш, фидойилик мужассам.
Бугунга қадар ўзлаштирилган майдонларнинг 560 гектарида токзор барпо этилиб, “ҳусайни”, “келинбармоқ”, “ризамат”, “кишмиш” сингари бозоргир узум навлари парваришланяпти. 300 гектарлик интенсив боғда олма, гилос, ўрик кўчатлари баравж ривожланмоқда.
Аксарият узум боғлари қатор ораларида бозор талабига қараб тарвуз, ошқовоқ, ловия, мочалка қовоқ (люффа) ва бошқа полиз маҳсулотлари етиштирилмоқда. Қувонарлиси, полиз экинлари ҳосилга кирди. Қўли, кўнгли очиқ олтиариқликлар ҳосил чўғидан мамнун ҳолда, ўтган-кетганларни тарвуз сайлига чорламоқда.
Тумандаги ”Қўрғонча” маҳалла фуқаролар йиғинида яшаётган Азизжон Исмоилов бир неча йил хорижда ёлланма ишчи бўлиб ишлади. Ўзга юртда, яқинлардан олисдан тайинли даромад топма олмади. Шу сабаб ортга қайтди. Унга меҳнат муҳожири сифатида 20 сотих тайёр узумзор боғ 25 миллион сўм имтиёзли кредит берилди.
– Бу жуда катта имконият, – дейди Азизжон узумлар орасида пишиб етилган тарвузни қўлга олиб. – Яқинларимдан олисда, ўзга юртларда иш излаб, биримиз икки бўлмади. Бу ерда оила аъзоларим кўмагида 600 туп сара узум навларини парваришлаяпман. Уч йилда ҳосилга киради. Шу боис, экинлар оралиғига 500 тупдан ортиқ тарвуз, ловия экдик. Томчилатиб суғориш тизимидан фойдаланганимиз ўз самарасини берди. Биринчи ҳосил пишди. Бир туп тарвуз ўрта ҳисобда 10 килограммдан ҳосил берган тақдирда 5 тонна бўлади. 10 миллион сўмдан ортиқ даромад олиш имкони бор. Полиз экинлари ўрнига кечки помидор, бодринг экишни кўзлаб турибман. Мақсад – ҳар бир қарич ердан унумли фойдаланиб, қўшимча даромад олиш, оила фаровонлигини таъминлаш.
Азизжон узум етиштиришда яхши тажрибага тўплаган миришкорлардан. Дала-даштдаги боғ-роғдаги юмушлардан ортиниб, иссиқхонада узум етиштиради. Айни кунда хонадон томорқасидаги эртапишар узумлар сотилмоқда. Миришкорнинг таъкидлашича, келгуси йилда бу амалиёт янги боғ хўжалигида ҳам жорий этилади.
Боғлар кадастр ҳужжатлари асосида хусусий мулк тариқасида боғбонларга расмийлаштириб бериляпти. Бу одамларнинг мулкка, эртанги кунга бўлган ишончини оширмоқда.
– Ҳар бир фуқарога адирнинг рельефига кўра, 20-25 сотихдан ер ажратиб берилмоқда, – дейди “Агробанк” АТБ Фарғона вилоят бошқармаси бошлиғи ўринбосари Алишер Аринтаев. – Кредит миқдори ҳар бир лот учун ўртача 25 млн. сўм бўлиб, 7 йил муддатга 3 йил имтиёзли давр билан берилмоқда. Бугунги кунда 292 гектар ер майдонлари 1329 та лотларга ажратилди. Ушбу лойиҳалар учун ҳозирга қадар 1133 нафар фуқарога 31,7 млрд. сўм кредит маблағлари ажратилди.
Кўҳна Қапчуғайнинг жанубида ястаниб ётган қир-адирларда бошланган яратувчилик, бунёдкорлик ишлари авж паллага кирган. Басма-басига меҳнат қилаётган ёшлар кўнглида кўтаринкилик, фаровон кунга бўлган ишонч мустаҳкам.
Бизни ижтимоий тармоқларда кузатинг
Facebook |
Telegram |
Telegram murojaat