Юридик ва жисмоний шахслар томонидан веб сайт орқали бўлган мурожаатлар
Жами мурожаатлар: 38Ишонч телефони статистикаси
ДИЙДОР ЎРНИДА, ОЛТИАРИҒИМ...
2022-07-04 08:00:20 728
Салом, Олтиариғим! барча байрамларинг муборак бўлсин. Обрўйингга обрў, жисмингга жисм қўшилаверсин. Машҳурлик бобида жаҳонаро эъзозга эга бўлган Олтиариғим камолингга, жамолингга кўз тегмасин. Фарзандларинг ҳам қаерда бўлмасин, омон бўлишсин.
Ҳа, пилла, ғалла мўл бўлди, хирмонлар донга тўлди. Пахтамиз ҳам кундан-кун бўй чўзмоқда. Хирмонларга барака берсин. Гарчи, пойтахтдан ҳафтада Олтиариққ, қишлоққа боришга ҳаракатда бўлсам-да, медиа орқали анча бўлди, сиртдан бўлса-да, “кўришолмадик”. Ана шу соғинч, меҳр-муҳаббат билан кўришгани чоғландим. Бу сафар “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили” дея аталган 2022 йил баҳона кўришиш насиб этиб турибди.
Нега инсон қадри! Негаки, юристлигимга бориб айтаман, Асосий қонун – Конституциямизда белгиланганидек, “инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланади”. Ҳали тарих, ҳали кишиларимиз яқин ўтмишдаги қатағонларни, “ўзбеклар иши”ни, “пахта иши”ни унутгани йўқ. Унутишга ҳаққимиз ҳам йўқ. У бизнинг ўтмишимиз, хотирамиз, аждодлар хотираси.
Инсон қадри, айниқса, бу кунлардаги Конституциявий ислоҳотлар фонида янада кун мавзусига айланди. Бу – бежиз эмас.
Ҳа, мамлакатимизда шундай руҳ ҳукмрон бўлдики, “қаловини топсанг, қор ҳам ёнади” дейдирган. Товарлар, хизматлар, сармояларнинг эркин ҳаракати бунга кенг имкон берди.
Аслида барча соҳалардаги тизимли ислоҳотларнинг “йўл харитаси”га айланган 2017 – 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ўз сўзини айтди.
“2022 – 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегияси” мамлакатимизда бошланган кенг кўламли ислоҳотларга янада катта туртки берди.
Ушбу икки ҳужжат ҳам том маънода халқона бўлди. Оддий халқимиз ва дунё афгор оммасининг эътибори ва эътирофига сазовор бўлди. Ҳақиқатан ислоҳотлар фақат марказда, шаҳарларда эмас, балки олис-олисларда ҳам самара бераётгани кўзни қувонтиради. Бу ҳол кишиларимизда, айниқса, ёшларимизда эртанги кунга ишончни янада кучайтирмоқда. Айниқса, бу масалаларга ёшларнинг қизиқиши ҳаддан зиёд ортиқ, уларда ўзига хос мотивация уйғонди. Жойларда Президент ва ижод мактабларининг очилиши ва ҳозирнинг ўзида самара бераётгани – эртанги кунга ишонч, эртанги кунга ўзига хос кафолатдир. Куни-кеча “Ёшлар куни”да давлатимиз раҳбари қайд этганидек, “Ўтган ўқув йилида биргина Президент мактабларини битирган 424 нафар ўғил-қизларнинг барчаси олий таълим муассасаларига қабул қилинди. Уларнинг 102 нафари (24 фоизи) хориждаги етакчи олий таълим муассасаларида ўқиётгани таҳсинга сазовордир”.
Таълим эртанги куни, порлоқ истиқболини кўзлаган барча макон ва замонларда бутун жамият муаммоси бўлиб келган. Бизга диплом эгалари эмас, очиқ кўзли, керак жойда ўзининг “мен”ига, керак жойда “корпоратив” фуқаролик позициясига эга бўлган кадрлар керак. Бу эса, ўқитувчи, педагог касби эгаларининг жамиятдаги ижтимоий рейтингига узвий боғлиқ. Қайта-қайта бонг ураверамиз: токим, жамиятда ўқитувчи шахси дахлсиз бўлмас экан, бундай ҳолда, самарали натижани кутиш мушкул. Айни дамда амалдаги Конституциянинг 41-моддасига киритилиши илгари сурилаётган янги ғоя, янги ҳуқуқий қадрият қўллаб-қувватланишидан шундай ижобий натижани кутиш мумкин.
Президентимиз дастуриламалига айланганидек, “одамларимиз ислоҳотлар самарасини келажакда эмас, балки бугун ўз ҳаётида ҳис этишлари зарур”. Дарҳақиқат, демократиянинг оддий талаби бўлган давлат қурилиши соҳасида халқ ўзи иштирок этмоқда. Хусусан, Ҳаракатлар стратегияси, Тараққиёт стратегияси айнан халқ иштирокининг яққол самараси бўлди. Тўпланган тажриба мамлакатимиз Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш жараёнида ҳам давом этмоқда. Бу жараён meningkonstitutsiyam.uz формати ва доирасида давом этмоқда.
Кези келганда шуни ҳам айтиш лозимки, ўқитувчилар мақомига доир қонун лойиҳасининг кенг аҳоли муҳокамасига ташлангани кишини қувонтиради. Бугун замонавий, янги давр талабидаги олий таълим муассасалари (шу жумладан, хорижий ҳамкорлар билан) ташкил топмоқда. Соҳада амалга оширилаётган тизимли ислоҳотлар фуқароларимизда танлов кенгайишига, билим олишни реал эҳтиёжга айлантиришга, битирувчиларнинг профессионализмига, пировардида, таълим муассасаларининг халқаро элита рейтингларга кириб боришига хизмат қилади. Ўйлаймизки, мазкур қонуннинг амалга киритилиши Олтиариқ заминида янгидан-янги номлар туғилишига олиб келади.
2018 йил Тошкентда бўлиб ўтган “Ўзбекистон Қуръон мусобақаси”нинг финали етти иқлимга ёйилди. Янги номлар кашф этилди. Имом ал Бухорий (Самарқанд), Имом ат Термизий (Сурхондарё) илмий-тадқиқот марказлари очилди. Ҳадис илми мактаби иш бошлади. Саудияга, умрага квотанинг олиб ташланиши юртдошларимиз учун ўзига хос тортиқ бўлди. “Оққан дарё оқаверади” деганларидек, Матқосимқори буводек, шайх Абдулазиз Мансурдек, Убайдулла маҳсум буводек улуғларнинг издошлари, шогирдларининг иқболи порлоқ. Мен билган Олтиариқ фарзандлари Або Бакр, Асадуллолар Ислом академиясида таҳсил олишмоқда.
Олтиариқ зироати йўлидаги аср лойиҳаси – қисқа фурсатда қир-адирликларда ўзлаштирилган 1000 гектарлик “Янги Ўзбекистон узумчилик боғи”нинг барпо қилиниши ва давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил май ойидаги Фарғона вилоятига ташрифи доирасида ушбу боғ токзорларида бўлиб, олтиариқликларнинг узумчиликдаги катта ҳаётий тажрибаси алоҳида эътироф этилгани ҳам айни муддао бўлди. Ҳали Ғуломжон Хидировдек, Қодирали Баҳромовдек, Қумбой Охунчаевдек, Тожали ота, Тўхтасин Фармоновдек, Лола Муротовадек уста деҳқонлар яратган мактаблар ўз сўзини айтишига иймонимиз комил.
Олтиариқ илм-фани ҳақида... Ҳазрати Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилганларидек, “илм Чин-Мочин (Хитой)да бўлса ҳам, уни излаб топиб, эгаллангиз. Зеро, илмни талаб қилиш ҳар бир мусулмонга фарздир”. Шу маънода давлатимиз раҳбари Ш.Мирзиёевнинг ташаббуси билан бурноғи йиллардан бирида БМТ Бош Ассамблеяси томонидан “Маърифат ва диний бағрикенглик” деб номланган махсус резолюциянинг қабул қилиниши жуда катта воқеликдир. Бу айни пайтда барчамиз, хусусан, Олтиариғимиз учун ҳам жуда катта масъулият юклайди. Тадбиркорлик, зироат – томорқачилик, деҳқончилик, оламгирликдан ортиб – илм-фан билан шуғулланиш ҳам олтиариқликнинг қонида бор. Эскиараблик устоз Э.Қулматов томонидан ишланган “Олтиариқ олимлари” нашри яна қайта чоп этилади, деб умид қиламиз. Зеро, ўтган йиллар мобайнида янги номлар пайдо бўлди. Ёш олимларимизни янада қўллаб-қувватлаш, ҳомийлик йўналишларини уларга ҳам қаратиш эртанги кунимиз учун захира экани, инновация экани маълум. Ахир, шифокорнинг, муҳандиснинг, юристнинг, журналистнинг, фарзандларингга таълим-тарбия бергувчи устоз-муаллимлар – тилчилар, математиклар, физиклар, кимёгарларни, ITникларни ўзингдан чиққанига не етсин!
2 нафар академик, 11 нафар фан доктори, профессорлар, 100 дан ортиқ фан номзодлари – булар Олтиариқнинг фарзандлари, айтиш мумкинки, олтин фондидир.
Бир тумандан “Ўзбекистон халқ шоири” унвони соҳиблари 3 нафарни ташкил этишида ҳам Олтиариқ рақобатдан холи бўлса керак (Эркин Воҳидов, Анвар Обиджон, Энахон Сиддиқова).
Бормикин шундай туман: 3 нафар “Ўзбекистон Қаҳрамони” соҳиблари: Юрсунали Жўраев, Эркин Воҳидов, Лола Муротова.
Ҳофизлари ҳақида... Ҳам халқ ҳофизи (Қобилжон Юсупов), ҳам халқ артисти (Маъмуржон Тўхтасинов), хизмат кўрсатган артист (Қиличбек Тожиев, Охунжон Мадалиев), хизмат кўрсатган маданият ходими (Солижон Маматов), “Ниҳол” мукофоти совриндори (Севинч Мўминова)га эга туман мамлакатда Олтиариқ бўлса керак.
Мамлакатимизда 207 та туман борлигини ҳисобга олсак, ушбу рақамларнинг моҳиятини тушуниш учун ортиқча билим керак эмасдек туюлди.
Ҳатто маъжозий маънода олтиариқликни ойга олиб чиққан ҳам олтиариқлик Абдулла Акбаров бўлди!
Тошкентда Янги ҳаёт туманидаги фаоллар ва жамоатчилик вакиллари билан учрашувда, кечаги “Ёшлар куни”да бўлиб ўтган ёшлар билан учрашувда, қўйинг-ки, ҳудудларга ташрифлар давомида Президентимиз томонидан Олтиариқнинг салоҳияти, драйвер соҳалари тилга олинади. Мамлакатимизда 207 та туман бор...
Хулласи, “Обод қишлоқ” дастури доирасида Олтиариқни олтита ариққа бўлган Қапчуғайдан – Тинчликкача, Файзиободдан – Катпутгача амалга оширилаётган ўзгаришлар, табиийки, кишиларимизда эртанги кунга ишончни орттирмоқда.
Қаерда бўлмайлик, ким бўлмайлик, Олтиариғимиз билан, олтиариқликларимиз билан фахрланаманиз, ғурурланамиз!
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида таъкидланганидек, “буюк Имом Бухорий ҳазратларининг “Ал-Жомиъ ас-Саҳиҳ” асари “Барча эзгу амаллар ниятга боғлиқ, ҳар бир кишига фақат ният қилган нарсаси берилади” деган ҳадис билан бошланишида албатта жуда чуқур маъно бор... Нияти улуғ халқнинг – иши ҳам улуғ, ҳаёти ёруғ ва келажаги фаровон бўлади... Барчамизга аёнки, ислоҳот – бу янгиланиш, ўзгариш дегани. Ислоҳотлар ижобий натижа бериши учун, аввало раҳбарларимиз ва одамларимиз ўзгариши керак. Инсон ўзгарса, жамият ўзгаради. Бу мақсадга эришиш учун биринчи навбатда, барча даражадаги раҳбарлар ва халқ депутатлари, барча етакчилар ўз фаолиятини танқидий таҳлил, қатъий тартиб-интизом ва шахсий жавобгарлик асосида ташкил этишларини бугун ҳаётнинг ўзи талаб этмоқда”.
Ҳар сафар айтаман, эринмайман: шу Ватанда яшаш, шу юртда ишлаш, унинг бир бўлаги бўлиш, унинг обрўйига обрў қўшиш бу – фахр-ифтихор, бу – масъулият, бу – шукрдандир.
Олтиариғим! Янги Ўзбекистонда шаштинг бундан-да баланд бўлғусидир! Номинг бундан-да улуғ бўлғувсидир! Бошланган амалий ишлар, бунёдкорлик хайрли бўлсин, мақсадли бўлсин, манфаатли бўлсин. Янгиликка ва яхшиликка интилиб яшашнинг умри боқий бўлсин.
Юрист фарзандинг Миродил БАРАТОВ,
юридик фанлар доктори, профессор.
Бизни ижтимоий тармоқларда кузатинг
Facebook |
Telegram |
Telegram murojaat